Тайвань вакили Исроилга махфий сафар қилди
Олам
−
11 Декабрь 2416 4 дақиқа
Тайваннинг юқори лавозимли ташқи ишлар вазири ўринбосари Франсуа Ву яқинда оммага эълон қилинмаган тарзда Исроилга сафар қилган. Бу ҳақда ушбу сафардан хабардор учта манбага таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
Бу Тайваннинг Исроил билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик излаётган бир даврига тўғри келмоқда.
Пекин босими туфайли Тайваннинг расмий дипломатик алоқалари жуда кам. Чунки Хитой Тайванни мустақил мамлакат эмас, балки ўзининг бир провинцияси деб ҳисоблайди. Аксар давлатлар каби Исроил ҳам расман Пекинни тан олади, Тайпейни эмас. Тайваннинг юқори мартабали дипломатлари хорижга боради, аммо Исроил каби мамлакатларга бундай сафарлар кам учрайди.
Шунга қарамай, Тайвань Исроилни муҳим демократик шерик сифатида кўради ва 2023 йил октябридаги ҲАМАС ҳужумидан сўнг Исроилга қатъий қўллаб-қувватлаш билдирган. Шу вақтдан бери икки мамлакат ўртасидаги мулоқот сезиларли даражада кучайган.
Масала муҳимлиги туфайли исмларини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган манбалар Ву сўнгги ҳафталарда Исроилга борганини маълум қилган. Икки манбанинг айтишича, сафар шу ой бўлиб ўтган.
Манбалар Ву кимлар билан учрашгани ва нима муҳокама қилинганини ошкор қилишдан бош тортди. Жумладан, у Тайвань президенти Лай Чин-дэ октябрда тақдим этган, Исроилнинг ҳаво мудофаа тизими асосида ишлаб чиқилган кўп қатламли “T-Dome” ҳаво мудофаа тизими ҳақида гапирган-гапирмагани номаълум.
Тайвань ташқи ишлар вазирлиги Вунинг Исроилга сафар қилгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
“Тайвань ва Исроил эркинлик ва демократия қийматларини бўлишади. Улар савдо, технология, маданият ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалий тарзда илгари суради ва бундай ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлайди”, дейилади Тайвань томони баёнотида.
Ву олдин Парижда Тайваннинг де-факто элчиси бўлган ва халқаро майдонда Тайпейнинг энг фаол тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. Унинг сўнгги оммавий хорижий ташрифи 19 ноябрда Берлин хавфсизлик конференциясида иштирок этиши бўлган.
Тайвань ўзининг йирик қўшниси Хитойдан келаётган ҳарбий таҳдидни Исроилнинг Эрон каби қўшнилари билан тўқнашувлари билан қиёслайди. Жорий йил бошида Исроил ва Эрон ўзаро ракета ва ҳаво зарбалари алмашган, Исроилнинг ҳаво мудофаа тизими эса кўплаб таҳдидларни йўқ қилган.
Бундан фарқли равишда Хитой фаластинликлар билан яқин муносабатда бўлиб, 1988 йилдан буён Фаластин давлатини тан олган. Тайвань эса Фаластин давлатини тан олишни режалаштирмаётганини билдирган.
“Албатта, технология ва мудофаа соҳасида ўзаро ўрганиш ва муайян ҳамкорликлар мавжуд” деган Тайван ташқи ишлар вазири Лин Чиа-лун ўтган ой Тайпейда журналистлар билан суҳбатда.
Унинг қўшимча қилишича, Тайвань “T-Dome” тизимини ишлаб чиқса, Исроилда “Iron Dome” (“Темир гумбаз”) бор.
Исроилнинг кўп қатламли мудофаа тизими Iron Dome, David’s Sling, Arrow ва АҚШ ишлаб чиқарган THAAD тизимларидан иборат.
Тайваннинг “T-Dome” тизими эса мавжуд Patriot (АҚШ) ва Sky Bow (Тайвань) ракеталари ҳамда зенит қуролларини ягона тизимга бирлаштириб, “сенсордан зарбагача” бўлган занжирни янада самарали қилишни мақсад қилади.
Тайвань Яқин Шарқда катта дипломатик изга эга эмас, аммо Тайпей ва Тель-Авивда де-факто элчихоналар фаолият юритади.
Тайвань Пекиннинг суверенлик даъволарини рад этган ҳолда, Исроил амалдорлари ва депутатларини қабул қилиб келмоқда.
Октябрь ойида Ву Тайпейда Исроилнинг Фаровонлик ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги бош директори Йинон Аарони билан учрашди. Сентябрда эса Тайвань президенти Лай Чин-эдэ ўз идорасида олти нафар исроиллик қонун чиқарувчи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, октябрда Лай Тайвандаги Америка–Исроил жамоат ишлари қўмитаси (AIPAC) тадбирида Исроилнинг ўз ҳудудини ҳимоя қилишдаги қатъияти Тайвань учун “қимматли намуна” эканини айтди ва Довуд билан Жолут ҳикоясини мисол келтирди.
Шунга қарамай, ўтган йили Ливанда “Ҳизбуллоҳ” амалдорларига қилинган Исроил ҳужумида портлаган махсус ускуналарда Тайвань компанияси бренди бўлгани туфайли Тайвань инцидентга нохоҳ тарзда аралашиб қолганди. Ҳар икки томон бу ҳолат икки давлат муносабатларига жиддий таъсир қилмаганини билдирган.
Live
Барчаси