Телеканаллар контенти устидан назорат кучайтирилади. Қирғизистонда!

Олам

image

Қирғизистон ҳукумати телеканаллардан қонунчилик талабларига мувофиқ эфирдаги миллий тил – қирғиз тилидаги эшиттиришлар улушини 60 фоизга етказишни талаб қилди. Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Марат Тагаев телекомпаниялар вакиллари билан ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Марат Тагаев мамлакатдаги барча телекомпаниялар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек “Қирғизфильм” ва “Қирғизсериал” муассасалари иштирокида йиғилиш ўтказган. Учрашувда телеканалларни қирғиз тилидаги маҳаллий контент билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинган.

Тагаевнинг сўзларига кўра, айрим хусусий телеканаллар талабларни фақат расмий равишда бажариш учун ўн йил аввал тайёрланган қирғиз тилидаги дастурларни қайта-қайта намойиш этмоқда ва маҳаллий контент ишлаб чиқармаяпти. У “Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, эфирнинг энг муҳим вақтларида (прайм-тайм) давлат тилидаги ва маҳаллий ишлаб чиқарилган дастурлар улуши камида 60 фоизни ташкил этиши лозимлигини эслатган. Давлат тилини телевидение эфирида қўллашга оид қонунга киритилган ўзгартиришлар ўтган йилнинг август ойида қабул қилинган. Бунгача телеканаллар эфир тармоғининг 50 фоизини қирғиз тилидаги контент билан тўлдириши шарт бўлган.

“Биз хусусий телеканалларнинг ривожланишига ва уларнинг ўз стратегияларига тўсқинлик қилмаймиз. Бироқ қонун талаблари, айниқса қирғиз тилига оид нормалар қатъий бажарилиши шарт. Айрим телеканаллар талабларга расмий равишда риоя қилаётгандек кўринади – ўн йил аввал суратга олинган битта қирғиз тилидаги дастурни ҳар куни такрорлайди. Бу томошабинлар ҳуқуқларини бузади ва аудиторияга нисбатан ҳурматсизликдир. Бундан ташқари, бундай каналлар ўз контентини ишлаб чиқармасдан, ҳақиқий ишлаб чиқарувчиларнинг реклама даромадларини тортиб олмоқда”, дейди вазир ўринбосари.

Вазирлик қарорига кўра, телеканалларга “Қирғизфильм” фондидан 400 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, 40 дан зиёд анимацион мультфильмлар ҳамда “Қирғизсериал” томонидан суратга олинган 10 дан ортиқ телесериал бепул тақдим этилади.

“Бу ташаббус қирғиз киносининг 85 йиллигига бағишланган. Томошабинлар “қирғиз мўъжизаси” давридан бошлаб замонавий картиналаргача бўлган фильмларни томоша қилиш, мамлакатнинг бой маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлиши керак”, дейди вазир ўринбосари.

Телеканаллар бир ярим ой ичида ушбу муассасалар билан шартномалар тузиши ва эфир контентини янгилаши лозим. Март ойидан бошлаб контент сифати ва қонун талабларига риоя этилиши бўйича режалаштирилган текширувлар бошланади. Агар шартномалар тузилмаса ва вазирлик таклифлари инобатга олинмаса, тегишли чоралар кўрилади.

Ҳозирда Қирғизистонда 42 та телеканал фаолият юритади, шулардан иккитаси – НТРК ва ЭЛТР давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон контент Телеканал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг