Терроризм индекси эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Бу қизиқ
−
22 Ноябрь 14598 2 дақиқа
Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири деб топилди ва террорчилик хавфи бўйича дунёда 90-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Австралиянинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан эълон қилинадиган 2025 йилги “Глобал терроризм индекси”да келтирилган.
Хавфсизлик даражаси бўйича Ўзбекистон бир қатор ғарб давлатларини – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Испанияни, шунингдек, Россия, Хитой, Тожикистон, БАА ва Туркияни ортда қолдирган. Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон биргаликда 100-поғонадан жой олган.


Ҳисоботда қайд этилишича, дунёда салбий динамика кузатилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида террорчилик ҳужумлари қайд этилган давлатлар сони 58 тадан 66 тага ошган. Ғарб мамлакатларида ҳужумлар сони 63 фоизга кўпайган. Швеция, Австралия, Финляндия, Нидерландия, Дания ва Швейцарияда сўнгги беш йилдан ортиқ вақт ичида илк бор террорчилик ҳужумлари содир бўлди.
Германия Европада энг ёмон кўрсаткич қайд этган давлат бўлган. Магдебургдаги ярмаркага қилинган ҳужум ортидан мамлакат 27-ўринни эгаллаган. Энг хавфли ўн давлат қаторига Буркина Фасо, Поикстон, Сурия, шунингдек, Исроил ҳам кирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2025 йилги Қонун устуворлиги индексида 0,50 балл тўплаганди ва 143 давлат орасида 81-ўринни эгаллаганди. Мамлакатлар рейтинги саккизта мезон асосида тузилган: ҳукумат ваколатларига чекловлар, коррупциянинг йўқлиги, ҳукуматнинг очиқлиги, асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик, қонун устуворлиги, фуқаролик адолати ҳамда жииноий адолат.
Live
Барчаси