“Тинчлик кенгаши” фаолияти ва Трампнинг ваколатлари бўйича тафсилотлар маълум бўлди
Олам
−
28 Январь 3953 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳали имзоламаган “Тинчлик кенгаши” резолюцияси лойиҳасига кўра, у ташкилот раиси сифатида кенг ваколатларга эга бўлади. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Нашр қўлига тушган резолюция лойиҳаси нусхасига кўра, АҚШ Президенти Ғазо секторини бошқариш учун юқори лавозимли амалдорларни тайинлаш, шунингдек, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу лавозимлар қаторига Ғазо секторидаги “олий вакил” лавозими ҳам киради. У анклавни бошқарувчи орган фаолиятини назорат қилади. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш учун жойлаштириладиган халқаро барқарорлаштириш кучларининг қўмондони ҳам тайинланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Дональд Трамп резолюцияларни тасдиқлаш ва фавқулодда ҳолатларда уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Нашр маълумотларига кўра, ҳужжат жорий йил 22 январь санаси билан расмийлаштирилган, аммо ҳозиргача Трамп томонидан имзоланмаган. Агар у имзоланса, резолюция кучга киради. Бу ҳақда ҳужжат билан таниш ва унинг ҳақиқийлигини текширган уч нафар мансабдор маълум қилган. Шу билан бирга, мазкур ҳужжат резолюциянинг якуний варианти экани ёки йўқлиги ҳали аниқ эмас. Манбаларнинг айтишича, у ҳозирча муҳокама босқичида.
Мақолада қайд этилишича, ҳужжат БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига ўхшаш бўлиб, “Тинчлик кенгаши”нинг Ғазо сектори бўйича айрим режаларини расмийлаштиришга уриниш сифатида баҳоланмоқда.
Резолюция лойиҳасига кўра, “Тинчлик кенгаши” Ғазони тиклаш жараёнини мувофиқлаштиради. Бу ўта йирик лойиҳа бўлиб, унга ўнлаб миллиард доллар сарфланиши ва йиллар давом этиши кутилмоқда. Шунингдек, Ғазога гуманитар ёрдам етказиб беришга кўмаклашиш ҳам режада бор.
Ҳужжатда, шунингдек, ХАМАС билан ҳамкорлик, инфильтрация ёки таъсир ўтказиш бўйича исботланган тарихга эга бўлган шахслар ва ташкилотлар Ғазони бошқариш ёки уни тиклаш жараёнларида иштирок этмаслиги белгиланган.
Резолюция лойиҳасида БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича собиқ махсус вакили Николай Младеновнинг роли ҳам батафсил баён этилган. У Оқ уй томонидан Ғазо бўйича биринчи олий вакил этиб тайинланган. Ҳужжатга кўра, Младенов Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмита – фаластинлик технократлардан иборат орган фаолиятини назорат қилади, полиция кучлари устидан кузатув олиб боради ҳамда бутун “кунлик фаолият”га раҳбарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” уставини имзолаган эди. Бунинг учун у Трамп таклифига биноан Давосга борган.
АҚШ ва Ўзбекистондан ташқари, уставни Арманистон, Аргентина, Озарбайжон, Болгария, Венгрия, Индонезия, Иордания, Косово, Покистон, Парагвай, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия, БАА, Қозоғистон ва Мўғулистон ҳам имзолаган.
Live
Барчаси