Мирзиёев ва Тўқаев бошчилигидаги Марказий Осиё раҳбарлари Трампни мақтовлар ва сармоялар билан кўмди
Таҳлил
−
07 Ноябрь 7153 11 дақиқа
Оқ уйда С5+1 форматидаги асосий мулоқот қисмида Президентлар навбат билан сўз олди. Трамп учрашувни бошлаб берди. Энг муҳим жиҳати мазкур учрашув одатдагидек айлана стол атрофида эмас, балки АҚШ ва минтақа раҳбарлари делегациялари бир-бирига қарама-қарши ўтирган ҳолда ўтди. Трамп ва унинг жамоаси бир томон, МО Президентлари ва Ташқи ишлар вазирлари бир томондан жой олди. Бу минтақа раҳбарлари эндиликда ўзаро бирликни протоколда ҳам намоён этаётганини билдирмоқда.
Трамп:
Хўш, барчангизга катта раҳмат. Мен бугун бу ерда жуда нуфузли ва етук инсонлар – етакчиларни қабул қилаётганимдан мамнунман. Дунёда камдан-кам етакчилар бугун бу стол атрофида ўтирганлар билан тенглаша олади. Улар Марказий Осиёдан – бу жуда гўзал, кучли ва жонли минтақа. Ҳақиқатан ҳам бу қаттиқ иродали ва ақлли одамлар яшайдиган ҳудуд.
Бугун мен бу етакчилар билан Оқ уйда икки томонлама учрашувлар ўтказдим. Биз жуда муҳим минтақавий муносабатлар, иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни яхшилаш ва умумий алоқаларни кенгайтириш ҳақида фикр алмашдик. Ҳозиргина катта ҳажмдаги савдо келишувлари амалга оширилди. Американинг ҳарбий ва бошқа турдаги маҳсулотлари улар томонидан сотиб олинмоқда.
Биз дунёдаги энг яхши ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи мамлакатмиз. Улар буни яхши англаб етишди. Мен ҳокимиятга келганимдан бери армиямизни тубдан қайта қурдик. Барча етакчиларга бу ерга келгани ва Америка билан кучли ҳамкорликка садоқати учун миннатдорлик билдираман.
Марказий Осиё мамлакатлари, яъни С5 гуруҳи, дунёнинг тарихий ва географик чорраҳасида жойлашган. Бу замин илгаридан Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўлига мансуб бўлган. Бу ҳудуд буюк ва гўзал тарихга эга. Бугун эса уларнинг Евроосиё юрагидаги жойлашуви уларга улкан аҳамият ва беқиёс салоҳият бахш этмоқда.
Афсуски, аввалги америкалик президентлар бу минтақани бутунлай эътиборсиз қолдиришган. Бу эса улкан бойлик ва имкониятларга эга ҳудуд. Биз бу хатони тузатмоқдамиз. Мен Америка ва бу мамлакатлар ўртасидаги шерикликни ҳеч қачон бўлмаган даражада мустаҳкамлашга қатъий бел боғлаганман. Биз бу минтақанинг аҳамиятини жуда яхши тушунамиз. Кўплар буни билмасди, аммо мазкур минтақа дунёдаги энг муҳим ҳудудлардан бири.
Биз муҳокама қилаётган асосий мавзулардан бири эса стратегик минераллар. Сўнгги ҳафталарда маъмуриятим дунё бўйлаб иттифоқдошлар билан келишувлар тузиб, бу ресурслар занжирини кенгайтирди. Яқинда Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашдик, кейин Япониянинг янги Бош вазири билан ҳамда Жанубий Корея, Малайзия ва бошқа кўплаб мамлакатларда самарали музокаралар ўтказдик.
Бу давр мобайнида Америкага 2 триллион доллардан ортиқ инвестиция кириб келди. Ҳозир умумий инвестициялар миқдори 18 триллион долларга яқин ва йил якунлангунча бу рақам 20-21 триллионга етиши мумкин. Бу нафақат Америка, балки дунё миқёсида ҳам мисли кўрилмаган кўрсаткич.
Уч ой олдин маъмуриятим Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тарихий тинчлик келишувини имзолашга эришди. Бу саккизта урушдан бири бўлиб, саккиз ой ичида тугатилди. Ҳозир Россия ва Украина ўртасидаги низони тугатиш устида ҳам ишлаяпмиз. Бу ҳали якунланмади, аммо яхшигина олдинга силжиш бор.
Мен ишонаманки, бугун бу стол атрофида ўтирган ҳар бир давлат тинчлик имкониятларидан фойдаланиб, ўз фойдасини кўради. Яқин вақтларда бу мамлакатлардан баъзилари Иброҳим келишувларига қўшилади. Бу ҳақда эса расмий эълонлар яқин орада берилади.
Бугун кечаси мен шодлик билан хабар бераманки, Қозоғистон расман Иброҳим келишувларига қўшилди. Бу жуда катта ва муҳим воқеа. Қозоғистон – буюк етакчига эга бўлган буюк мамлакат. Жаноб Президент, сизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Бугун бу ерга келган барча нуфузли етакчиларга яна бир бор ташаккур. Биз ҳозир қисқа, аммо самарали ишчи кечки овқат ўтказамиз. Улар узоқ йўл босиб келишди, шундай экан, қисқа, лекин фойдали муҳокама бўлади.
Оммавий ахборот воситаларига ҳам адолатли ёритгани учун миннатдорлик билдираман. Бу ажойиб етакчилар билан бир жойда бўлиш мен учун катта шараф. Улар жуда ҳурматга сазовор инсонлар ва улар ўйин ўйнашмайди. Қаршимдаги бу раҳбарлар жиддий одамлар.
Шундай экан, жаноб Президент агар хоҳласангиз, сўзни сизга бермоқчиман. Кейин навбат билан бошқалар ҳам фикр билдиришади. Шундан кейин кечки овқатни бошлаймиз.
Тўқаев:
Жаноб Президент, аввало, Оқ уйда бундай тарихий учрашувни ташкил этганингиз учун чин дилдан миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Сизнинг қатъий раҳбарлигингиз остида бу саммит Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб бермоқда.
Бир йил аввал, сиз мутлақо пок ва адолатли ўтган тарихий сайловда улкан ғалабага эришдингиз. Шу муносабат билан сизни чин дилдан табриклайман ва ишонч билан айтаманки, жаноб Президент, сиз буюк давлат арбобисиз. Бу яқиндаги ва узоқдаги барча мамлакатлардаги миллионлаб инсонларга умид бағишламоқда.
Сизнинг оқилона ва жасур сиёсатингиз дунё бўйлаб қўллаб-қувватланиши лозим деб ҳисоблайман. Сизнинг президентлигингиз даврида Америка янги “олтин давр”га кирмоқда. Мен сизнинг “Американи яна буюк қилиш” ғоянгизнинг келажакка йўналтирилганини юксак қадрлайман. Бу мени ҳам адолат ва тартиб тамойилларига асосланган, кучли ва барқарор Қозоғистон қуриш стратегиясини изчил амалга оширишга илҳомлантиради.
Тинчлик президенти сифатида сиз, бор-йўғи саккиз ой ичида саккизта урушни тўхтатдингиз. Шу билан сиз Американинг халқаро барқарорлик устуни сифатидаги ролини янада мустаҳкамладингиз. Жаноб Президент, мен Қозоғистон ва Америка ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдаги доимий қўллаб-қувватловингизни юксак баҳолайман. Сизнинг илк президентлик даврингиздаёқ мамлакатларимиз муносабатлари “кенгайтирилган стратегик шериклик” мақомига эга бўлган.
Америка Қўшма Штатлари Қозоғистон иқтисодиётига 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган энг йирик инвестор бўлиб қолмоқда. Савдо айланмамиз сўнгги йилларда икки баробарга ошди ва 5 миллиард долларга яқинлашмоқда. Қозоғистон Америкадаги ички уран эҳтиёжининг тахминан 25 фоизини таъминлайди. Мамлакатимизда 600 дан ортиқ америкалик компаниялар фаолият юритмоқда. Бу жуда яхши кўрсаткич деб ҳисоблайман.
Фақатгина шу ташриф доирасидаёқ 17 миллиард долларлик битимлар имзоланди. Бу эса келгусида янада кенг ҳамкорликка йўл очади. Бу ноёб имкониятларни тўлиқ амалга оширишга шахсан менинг сиёсий иродам қатъий ва бу ҳеч қачон ўзгармаслигини таъкидлайман. Шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жуда ёрқин келажаги бор.
Мирзиёев:
Ҳурматли жаноб Трамп, биз С5+1 форматидаги янгиланган ҳамкорликни қайта фаоллаштиришдаги сизнинг шахсий ҳиссангизни юксак қадрлаймиз. Аслида, бугунгача ҳеч бир Америка президенти Марказий Осиёга бундай эътибор ва муносабат билан ёндашмаган. Мен шахсан ўзим ва барча мавқедошларим номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Биз сизнинг томонингиздан бўлган эътиборни чин дилдан ҳис қилдик. Бу биз учун катта аҳамиятга эга.
Сизга бу учун катта раҳмат. Мен сизга аввал ҳам айтган эдим, ҳозир яна такрорлайман: Ўзбекистонда сизни “тинчлик президенти” деб аташади. Сиз жаҳондаги саккизта можарони бартараф этишда катта ишлар қилдингиз ва мен ишонаманки, Украина ва Россия ўртасидаги урушни ҳам фақат сиз тўхтата оласиз. Бизнинг бу борада умидимиз катта.
Бугунги саммит шуни тасдиқлаб турибдики, Қўшма Штатлар Марказий Осиёни ишончли ва муҳим ҳамкор сифатида кўради. Биз биргаликда ишонч ва ўзаро тушунишга асосланган келажакни қуряпмиз. Шу муносабат билан мен бир қатор таклифларни баён этмоқчиман. Биринчидан, мазкур формат доирасида доимий фаолият юритувчи котибият ташкил этишни ёки уни ҳар икки йилда иштирокчи давлатлар орасида навбатма-навбат жойлаштиришни таклиф этаман.
Иккинчидан, давлат идоралари, компаниялар ва молиявий институтлар ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш учун инвестициялар ва савдо бўйича вазирлар даражасида координация кенгаши ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. Шунингдек, Марказий Осиё инвестиция шериклиги фондини тузиш ғоясини қайта фаоллаштириш долзарб, деб ўйлайман. Бу борада DFC билан келишув 2020 йилда эришилган эди.
Учинчидан, биз АҚШ билан йирик транспорт, коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Улар Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европага “Трамп маршрути” орқали боғлайди. Бугун мен сизга уч йиллик қўшма инвестиция дастурини тақдим этдим. Унинг умумий қиймати 34 миллиард долларни ташкил этади. Бу жуда йирик, стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардир. Бу ҳақда биз сиз билан Нью-Йоркда ҳам гаплашган эдик. Бугун яна таъкидлаб ўтдим. Шундай экан, олдинда катта истиқболлар бор.
Яна бир бор миннатдорлик билдираман. Мен ишонаманки, бугунги саммит натижалари тарихий аҳамиятга эга бўлади. Сизнинг Марказий Осиёга бўлган муносабатингиз ва диққат-эътиборингиз – ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. С5+1 формати амалий ҳаракатнинг самарали механизмига айланиши керак. Шу муносабат билан кейинги саммитни 2026 йилда Самарқанд шаҳрида – бу форматга асос солинган масканда ўтказишни таклиф этамиз.
Ишонаманки, сизнинг етакчилигингиз остида ҳамкорлигимиз барқарор ривожланиб боради. Мен сизга “Тинчлик саммити”ни ўтказиш таклифини бердим ва биз бу ташаббусга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Эътиборингиз учун катта раҳмат.
Садир Жапаров:
Ҳурматли ОАВ вакиллари, мен учун бугун Президент, Жаноби Олийлари Дональд Трамп билан икки томонлама учрашув ўтказиш ва С5+1 форматидаги саммитда иштирок этиш катта шарафдир. Аввало, Президент Дональд Трамп жанобларига таклиф ва самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман ҳамда муҳим масалалар бўйича фикр алмашиш имконияти учун ташаккур билдираман.
Қирғизистон Америка Қўшма Штатларини ташқи сиёсатдаги энг муҳим ҳамкорлардан бири сифатида қадрлайди. Биз икки томонлама учрашувда Қирғизистон ва АҚШ муносабатларининг долзарб масалалари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдик.
Мен Қирғиз-Америка муносабатларига оид тўрт асосий йўналишни таъкидламоқчиман. Улар иқтисодиёт ва инвестициялар, шу жумладан туризм, гидроэнергетика ривожи, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, Президент Дональд Трампнинг жаҳон барқарорлигини мустаҳкамлаш ва турли минтақалардаги можароларни тугатишдаги катта ҳиссасини алоҳида эътироф этаман. Президент лавозимида иш бошлаган чоғимда мен қўшни давлатлар билан чегара масалаларини яхши қўшничилик руҳида ҳал этишни асосий устувор вазифа деб белгилаган эдим.
Бугун, орадан беш йил ўтиб, мамнуният билан таъкидлайманки, биз бу мақсадга эришдик – энг муҳими, тинч йўл билан. Бу натижа Марказий Осиёнинг глобал сиёсатдаги ролини кескин оширди ва етакчи давлатлар минтақамиз билан ҳамкорликни кучайтиришга катта қизиқиш билдирмоқда.
С5+1 формати сиёсий мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим минбарига айланди. Бу мен учун катта мамнуниятдир. Президент Дональд Трамп жанобларига бугунги саммитни ташаббус билан ташкил этгани ва самимий меҳмондўстлиги учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Биз бу қадамни Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиёга ва дўстона ҳамкорликка бўлган яхши ният ва садоқати ифодаси сифатида қабул қиламиз.
Ишончим комилки, бизларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз икки мамлакат ва халқлар манфаати учун аниқ, ўзаро фойда келтирадиган натижаларга олиб келади.
Имомали Раҳмон:
Президент Дональд Трамп, сизнинг таклифингиз билан бугунги муҳим юқори даражадаги С5+1 форматидаги тарихий учрашувда иштирок этаётганимдан хурсандман. Сиз дунёнинг турли низоли ҳудудларида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда эътиборга лойиқ ва таҳсинга сазовор роль ўйнаяпсиз. Тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз катта эътирофга арзийди.
Ҳурматли Президент, сизга самимий табрикларимни изҳор этаман. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кенг қамровли бўлиб, савдо, иқтисодиёт ва хавфсизлик каби йўналишларни ўз ичига олади. Хавфсизлик соҳасида биз терроризмга қарши кураш, экстремизмга қарши чоралар ҳамда гиёҳванд моддалар савдосига қарши фаол ҳамкорлик олиб бораяпмиз.
Бугунги кунда 70 дан ортиқ Америка компаниялари Тожикистонда фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг 93 фоизи тоғли ҳудудлардан иборат бўлиб, бизда табиий ресурслар, айниқса сув, гидроэнергетика, муҳим ва ноёб ер металлари жуда кўп. Тожикистонда 13 мингга яқин музлик мавжуд бўлиб, Марказий Осиёнинг сув манбаларининг тахминан 60 фоизи айнан бизнинг ҳудуддан бошланади.
Мамлакатимиз Европа Иттифоқининг Ноёб Ер Металллари Клуби ҳамда АҚШнинг Минерал Хавфсизлик бўйича ҳамкорлик дастури аъзоси ҳисобланади. 2024 йилда мамлакатимиз 17 минг тонна металл антимон ишлаб чиқариб, асосан АҚШга экспорт қилди. Шу билан бирга, савдо ва инвестиция соҳасида ҳали кўп имкониятлар мавжуд. Биз барқарор сунъий интеллект дата-марказлари яратишда америкалик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирамиз.
2008 йилдан бери Тожикистон компаниялари Boeing корпорациясидан 440 миллион долларлик 8 та ўрта ҳажмдаги самолёт сотиб олган. Келаси йили эса яна иккита 737 МАХ 8 самолётини қабул қилиши кутилмоқда. Boeing билан тижорий шартномалар умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Америка компаниялари сўнгги 20 йил ичида Тожикистон билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Айниқса антимон ва ноёб ер минераллари соҳаси улар учун устувор аҳамиятга эга. Тожикистон Марказий Осиёда бу борадаги энг бой ва улкан салоҳиятга эга давлатлардан бири ҳисобланади. Биз хавфсизлик масалалари бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдормиз. Сизга эса “тинчлик президенти” сифатидаги фаолиятингизда омад ва муваффақиятлар тилайман.
Сердар Бердимуҳамедов:
Раҳмат сизга, жаноб Президент. Аввало, С5+1 саммитида иштирок этишга таклиф қилганингиз учун чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман. Биз бу формат доирасида эришилган яхши натижаларни юқори баҳолаймиз. Хавфсизлик, иқтисодиёт, энергия ва атроф-муҳит каби стратегик аҳамиятга эга йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз.
Ишончим комилки, бугунги саммит натижалари Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Жаноб Президент, самимий меҳмондўстлигингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман. Буни чин дилдан қадрлайман.
Live
Барчаси