Том Круз илк бор “Оскар” олди (видео)
Олам
−
17 Ноябрь 7384 2 дақиқа
Кеча, 16 ноябрь куни Лос-Анжелесда актёр Том Круз ўз фаолияти давомида илк бор фахрий “Оскар” билан тақдирланди. Бу ҳақда “Variety” хабар берди.
Келтирилишича, мукофот асосий “Оскар” маросимидан алоҳида ўтказиладиган “Governor Awards” тадбирида топширилган. Қарийб 40 йиллик кино фаолияти давомида Круз тўрт марта “Оскар”га номзод бўлган, бироқ ҳеч қачон ғолиб чиқмаган эди.
Круз аввал “Тўртинчи июлда туғилган” ва “Жерри Магуайр” фильмлари учун “Энг яхши эркак роли”, “Магнолия” филми учун “Энг яхши иккинчи пландаги эркак роли”, шунингдек, “Топ Ган: Маверик” филми учун продюсер сифатида номинацияга қўйилган.
Фахрий “Оскар” кино саноатидаги энг нуфузли мукофотлардан бири ҳисобланади. Унинг аввалги эгалари орасида Чарли Чаплин, Жуди Гарланд, Федерико Феллини, Фрэнсис Форд Коппола ва Спайк Ли каби афсоналар бор. Энди бу рўйхатдан Том Круз ҳам ўрин олди. Уни Голливудда пандемиядан кейин кинопрокатни тиклашга қўшган улкан ҳиссаси учун “кинони қутқарувчи” деб аташади.
Маълумот ўрнида, Том Круз 1962 йил 3 июлда АҚШда туғилган. У кино соҳасидаги фаолиятини 1981 йилда бошлаган. Круз – бир неча бор “Олтин Глобус” мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, у 570 миллион долларлик бойлиги билан дунёдаги энг кўп маош олувчи актёрлардан бири ҳисобланади.
Том Круз иштирокидаги фильмлар Шимолий Америкада 4 миллиард доллардан ортиқ, бутун дунё бўйлаб эса 10,1 миллиард доллар даромад келтирган. У кино тарихидаги энг катта даромадли актёрлар қаторида туради.
Круз нафақат роллари, балки “Уддалаб бўлмас топшириқ” сериясидаги хавфли каскадёрлик ҳаракатлари ҳамда Стенли Кубрикдан тортиб Пол Томас Андерсонгача бўлган машҳур режиссёрлар билан ишлагани билан ҳам танилган.
Қобилова Комила
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь