Тошкент давлат тиббиёт университетига илк бор ректор тайинланди
Жамият
−
01 Май 12479 1 дақиқа
Жорий йилнинг 23 апрель кунидан эътиборан Шуҳрат Абдужалилович Боймуродов Тошкент давлат тиббиёт университети ректори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати хабар берди.
22 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти тугатилиб, уларнинг ўрнига янги Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилиши белгиланган эди. Президент қарорига мувофиқ, Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Янги университет тиббий кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштиришга ихтисослашган замонавий таълим муассасаси ҳисобланади.
Боймуродов 2017 йилдан шу пайтгача Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида фаолият юритиб келган.
Маълумот учун, Шуҳрат Боймуродов тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия Табиий фанлар академияси академиги, Тошкент тиббиёт академияси проректори, юз-жағ ва пластик жарроҳ. У 1989-1994 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтининг стоматология факультетида, 1994-1995 йилларда тиббиёт факультети ЛОР касалликлари кафедрасида ординатура босқичида таҳсил олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бобур Абдуллаев Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори этиб тайинланганди.
Live
Барчаси