Тошкентда қорадори етказишда 13 ёшли жиянидан фойдаланган аёл ушланди
3-саҳифа
−
09 Декабрь 3169 2 дақиқа
Фарғонадан Тошкентга катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб, уларни сотиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Билдирилишича, Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1985 йилда туғилган аёл назоратдаги харидорга келишилган кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўмга 13 ёшли қиз жияни орқали етказиб берган вақтида қўлга олинган. Тадбир давомида унинг уйидан қиймати 20 миллион сўмлик 162 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу аёлни дорилар билан таъминлаб келган Тошкент шаҳрида яшовчи икки шахс ҳам 23 миллион сўм эвазига 278 дона шу турдаги дориларни сотган вақтида қўлга олинган. Улар автомашинаси ва яшаш хонадонида 67 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси сақлаб келаётгани аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.
Тезкор тадбир Фарғона вилоятида ҳам ўтказилган. Жараён давомида данғаралик 39 ёшли аёл ҳамда қўқонлик 35-39 ёшли икки эркак 738 дона кучли таъсир қилувчи дориларни 44 миллион сўм эвазига шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинган.
Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ўтказилган мазкур тезкор-қидирув тадбири натижасида умумий қиймати 150 миллион сўмлик 1 343 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилинган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим 1-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 6 нафар гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун, гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда наркокурьер талабалар 2600 та доза қорадори билан ушланганди.