Тошкентда қўпорувчилик қилмоқчи бўлган йигит қамалди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда террорчилар билан алоқа ўрнатиб, Тошкент шаҳрида қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишга тайёргарлик кўрган қашқадарёлик 20 ёшли йигит 6 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Қайд этилишича, судланувчи Т.Н. 2023 йилдан бошлаб интернет орқали мустақил равишда диний билим ва тушунчаларни ўрганиши давомида диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушган.

Бунинг оқибатида у мамлакатдаги ислоҳотлардан қаттиқ норози бўлиб, Ўзбекистон Олий суди томонидан террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва республикада фаолияти тақиқланган Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчилик ташкилоти аъзолари билан яқин алоқада бўлган ҳолда, уларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни бошлаган.

Шундан сўнг, Т.Н. Instagram’даги шахсий саҳифаси орқали юқорида келтирилган террорчи ташкилотга аъзо бўлган тожикистонлик “Хабаргўйи сурия” профили фойдаланувчиси билан алоқада бўлиб, унинг таъсирида диний қарашлари радикаллашган.

Йигит жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ва “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилиш мақсадида Сурияга чиқиб кетиш йўлларини суриштирган. Шунингдек, у ўзи тинглаб келган террорчилик ташкилотлари ғоявий раҳнамоларининг жиҳодга чорловчи маърузаларидан таъсирланиб, Тошкент шаҳри ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга тайёргарлик кўрган.

Шу билан бирга, судланувчи уяли алоқа воситаларида тақиқланган диний экстремистик ва террорчилик материалларини сақлаб, уларни интернет орқали тарқатиш фаолияти билан шуғулланиб келган.

Унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг санкция қисмида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш кўзда тутилган бўлса-да, суд Т.Н.га енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаган ҳолда, инсонпарварлик принциплари асосида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда терроризм ва сепаратизмда гумонланган шахс қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент йигит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг