Тошкентда Трамп устидан ИИББга шикоят қилган шахс жазоланди (аудио)
Жамият
−
14 Январь 14023 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида номаълум шахс пойтахт Ички ишлар бош бошқармасига қўнғироқ қилиб, АҚШ Президенти Дональд Трамп устидан шикоят қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу фуқаронинг шахсига аниқлик киритилиб, унга 1 млн 236 минг сўм жарима жазоси тайинланди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатга кўра, мазкур иш жорий йилнинг 7 январь куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида кўриб чиқилган. Унда судланувчи айбига қисман иқрор бўлган. Маълум қилинишича, фуқаро А.К. 2026 йил 6 январь куни маст ҳолатда Тошкент шаҳар ИИББ “102” рақамига қўнғироқ қилиб, “АҚШ Президенти Дональд Трампга чора кўришни ва унинг Оқ уйда яшаб келиши ҳақида” хабар бериб, махсус хизматларни алдаб чақирган.
Шунингдек, мазкур шахс ҳолат бўйича суриштирув ишларини олиб бориш учун борган ички ишлар ходимларининг ички ишлар биносига бориш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.
Суд суриштирув органи томонидан фуқаронинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан нотўғри квалификация қилинганини маълум қилган.
Шу боис фуқарога нисбатан ушбу икки модда билан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритиш, унинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасининг (маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса)1-бандига асосан тугатилган.
Бироқ фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 199-моддасида (махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир қилганликда айбли деб топилган ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида – 1 236 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Live
Барчаси