Тошкентдаги Амир Темур хиёбони вақтинча ёпилди
Жамият
−
23 Март 3957 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан жорий йилнинг 23 мартидан 7 апрель кунига қадар (шу куни ҳам) Амир Темур хиёбони ҳудуди вақтинча ёпилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, чекловлар фақат Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари чегараларида жойлашган хиёбон майдонининг ўзига тааллуқлидир.
Ишлар давомида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва қисман янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ва суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Янгиланаётган суғориш тизими сувдан янада оқилона фойдаланишни ҳамда мавжуд яшил майдонларни янада самаралироқ суғоришни таъминлайди.
“Шуни алоҳида маълум қиламизки, олиб борилаётган ишлар доирасида мавжуд бўлган бирорта ҳам дарахтга зиён етказилмайди. Аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштиришни кучайтириш ишлари кўзда тутилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати ва йўл бўйида тўхтаб туриш имконияти одатдаги тартибда сақланиб қолади.
Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.
Live
Барчаси