Тожикистон Ғазога ёрдам жўнатди
Олам
−
11:04 1121 1 дақиқа
8 февраль куни Тожикистон ҳукумати ва халқидан Ғазодаги муҳтож аҳолига юборилган гуманитар ёрдам партияси етказилди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“8 февраль куни кечқурун 6 та юк машинасидан иборат колонна, ичида озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқ кийим-кечак, чодирлар ва сув ўтказмайдиган плёнка бўлган ёрдам Ғазога етказилди”, дейилади хабарда.
Вазирлик маълумотларига кўра, юк машиналари Миср–Фаластин чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктидан ўтган ва бу жараёнда Мисрдаги Тожикистон элчиси ҳамда хайрия ташкилотлари вакиллари иштирок этган.
Таъкидланишича, Тожикистон Ғазодаги можаронинг илк кунларидан бошлаб аҳоли учун доимий равишда гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 6 февраль куни матбуот анжуманида Ғазога гуманитар ёрдам жўнатилганини маълум қилган.
У шунингдек, 2025 йилнинг январида Тожикистон бошқа бир қатор давлатлар билан ҳамкорликда Ғазодаги аҳолига 200 тонна буғдой уни юборганини эслатган.
Вазирнинг таъкидлашича, Тожикистоннинг Ғазо масаласидаги позицияси ўзгармаган, мамлакат можарони тинч йўл билан ҳал қилишни изчил қўллаб-қувватламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Ғазонинг ташқи дунёга чиқиш дарвозаси ҳисобланган Рафаҳ чегара пункти икки йиллик танаффусдан сўнг қисман қайта очилган.
Live
Барчаси