Тожикистондан динозаврнинг бош суяги топилди
Олам
−
25 Октябрь 4451 1 дақиқа
Россиянинг Санкт-Петербург давлат университети олимлари Тожикистонда ўрдактумшуқ (гадрозаур туридаги) динозаврнинг бош суягидан бир бўлакни топди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳудудда динозаврларга оид топилмалар жуда кам учрайди.
Энг қизиғи, суяк деярли мукаммал ҳолатда сақланган. Бу эса олимларга бу динозавр қайси гуруҳга мансублигини аниқлаш, ҳаттоки янги тур сифатида таърифлаш имконини бериши мумкин.
Тадқиқотчилар гуруҳига раҳбарлик қилган, университетнинг умуртқали ҳайвонлар зоологияси кафедраси доценти Павел Скучас ушбу динозаврлар ўтхўр бўлганини маълум қилган.
“Бу динозаврнинг тумшуқ (юзнинг олд қисми) соҳасидаги суяги. У ўсимлик билан озиқланадиган, тумшуқли ҳайвон бўлган”, деган Скучас.
Ҳозир мутахассислар топилмани бошқа мамлакатларда сақланаётган динозавр суяклари билан солиштириб, чуқур тадқиқот ўтказмоқда.
Топилма Тожикистоннинг айнан қайси ҳудудидан чиққани ҳозирча эълон қилинмаган.
Университет вакилларига кўра, бундай суякнинг Тожикистонда топилиши шуни кўрсатадики, мезазой даврида бу ҳудудда турли хил динозаврлар, жумладан, ўсимликхўр гадрозаур оиласига мансуб динозаврлар яшаган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистондан бундан 70 миллион йиллар аввал яшаган деб тахмин қилинаётган динозаврнинг суяклари топилганди.