Трамп ҳарбий бюджетни яна 50 фоизга оширмоқчи
Олам
−
08 Январь 1591 2 дақиқа
Кеча, 7 январь куни АҚШ президенти 1,5 триллион долларлик ҳарбий бюджет Вашингтонга "орзудаги ҳарбий кучларини" яратиш имконини беришини айтди. Фақат бюджет АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланиши керак. Бу ҳақда Дональд Трамп “TruthSocial” ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Келтирилишича, АҚШнинг 2027 йил учун ҳарбий бюджети 1,5 триллион долларга (1,3 триллион евро) етиши кутилмоқда. Ушбу сумма Конгресс томонидан 2026 йил учун тасдиқланган 901 миллиард доллардан (771 миллиард евро) сезиларли даражада ортганини кўрсатмоқда.
Трамп бу қарорни "сенаторлар, конгрессменлар, котиблар ва бошқа сиёсий вакиллар билан узоқ ва қийин музокаралардан сўнг" қабул қилганини айтди. Оқ уй раҳбари бу қадам Вашингтонга "орзудаги ҳарбий куч"ни яратиш ва "хавфсизлик ва ҳимоя"ни таъминлаш имконини беришини билдирди.
Шунингдек, у Қўшма Штатлар миллий қарзни камайтиришда давом этиши ва "ўртача даромадли" америкаликларга дивидендлар тўлашига ишонч билдирди.
Маълумотларга кўра, АҚШ бошқа давлатларга нисбатан ҳарбий эҳтиёжларга кўпроқ маблағ сарфламоқда. Аввалроқ ,Трамп ижтимоий тармоқларда Вашингтоннинг НАТОдаги иттифоқчиларининг садоқатига шубҳа билдирган эди.
Шу билан бирга, Федерал бюджет қўмитаси партиясиз таҳлил маркази Трампнинг таклифларини амалга ошириш учун 2035 йилга келиб, 5 триллион доллар (4 триллион евро) керак бўлишини ва АҚШ миллий қарзига 5,8 триллион доллар (4,9 триллион евро) қўшилишини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг 2026 молия йили учун мудофаа бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси, рекорд даражадаги 901 миллиард долларлик ҳарбий харажатларни назарда тутади, Конгресс томонидан 2025 йил 17 декабрда қабул қилинди. Ҳужжатда, хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақини 3,8 фоизга ошириш, ҳарбий техника сотиб олиш ва АҚШнинг асосий рақобатчилари - Хитой ва Россияга қарши рақобатбардошлигини ошириш чоралари кўзда тутилган.