Трамп аш-Шара билан телефонда гаплашди

Олам

image

Сурия Президенти Аҳмад аш-Шара кеча, 19 январь куни америкалик мавқедоши Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда томонлар Суриядаги воқеаларни муҳокама қилиб, мамлакат бирдамлиги ва терроризмга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.  

Дамашқ маъмурияти баёнотига кўра, етакчилар Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини сақлаб қолиш муҳимлигини билдирган ва барқарорликка эришишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини тан олган. 

Томонлар Сурия давлати доирасида курд халқининг ҳуқуқлари ва ҳимоясини кафолатлаш зарурлигини таъкидлаган. 

“Президентлар, шунингдек, ИШИДга қарши курашда ва ушбу ташкилотдан келаётган таҳдидларни бартараф этишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди”, дейилади Сурия Президенти маъмурияти хабарида. 

Ушбу маълумотларга кўра, ҳар икки етакчи минтақавий ва халқаро таҳдидларга қарши тура оладиган кучли ва бирлашган Сурияни кўришга умумий интилишларини билдирган. 

Телефон мулоқоти чоғида бир қатор минтақавий масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди, бунда Сурияга яхши келажак сари ҳаракатланиш учун янги имконият бериш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Суриянинг муваққат ҳукумати қўшинлари Сурия Демократик кучлари (СДК) назоратида бўлган, мамлакат шимоли-шарқидаги бир қатор ҳудудлар ва муҳим объектларни эгаллади. 18 январь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурия муваққат Президенти Аҳмад аш-Шара билан телефон орқали суҳбатда мамлакатдан терроризмнинг тўлиқ йўқ қилиниши Сурияга ҳам, бутун минтақага ҳам зарур эканлигини таъкидлаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Дональд Трамп Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг