Трамп Эроннинг янги раҳбарини танлашда иштирок этиши мумкин
Олам
−
06 Март 5454 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг келгуси раҳбарини танлаш жараёнида шахсан иштирок этиш нияти борлигини билдирди. У бу ҳақда “Axios”га берган интервьюсида айтди.
Трампнинг сўзларига кўра, у Мужтабо Хоманаийнинг ҳокимиятга келишига қарши. У уни танқид қилиб, “Хоманаийнинг ўғли ҳеч нарсага арзимайди” деб атаган ва АҚШ Эронда янги раҳбарни белгилаш жараёнида иштирок этиши кераклигини айтган.
Шу билан бирга, у аввалроқ Эрон раҳбарлиги учун “учта жуда яхши номзод” борлигини айтган, аммо уларнинг ким эканини очиқламаган. Трампнинг фикрича, агар янги раҳбар аввалги сиёсатни давом эттирса, АҚШ яна бир неча йилдан кейин Эрон билан урушга киришиши мумкин.
Ҳозирда Мужтабо Хоманаий отаси – Али Хоманаий ҳалок бўлганидан кейин мамлакатнинг олий раҳбари лавозимига асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда. Янги раҳбарни Экспертлар ассамблеяси – 88 нафар диний уламодан иборат кенгаш сайлаши керак.
Маълумотларга кўра, бу жараён аллақачон бошланган. Айни пайтда айрим манбалар Мужтабо Хоманаий аллақачон сайлангани ҳақида ҳам хабар бермоқда.
АҚШ разведкаси эса Эронда ҳокимият алмашиши эҳтимолига шубҳа билан қарамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Iran International” нашри Эрон Ислом республикасининг Экспертлар кенгаши Мужтабо Хоманаийни Эроннинг янги олий раҳбари лавозимга сайлангани ҳақида хабар берганди. 56 ёшли Мужтабо – АҚШ ва Исроил бомбардимонлари оқибатида ҳалок бўлган Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли. Сўнгги ўн йил давомида у очиқчасига “ворис” сифатида тилга олиб келинар эди.
Live
Барчаси