Трамп мусулмон етакчилар билан Ғазо ҳақида гаплашди (видео)

Олам

image

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп саккизта мусулмон ва араб мамлакатлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Иордания Қироли Абдулла II, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон Ол Сауд, Индонезия Президенти Прабово Субианто, БАА Ташқи ишлар вазири шейх Абдуллоҳ бин Зайд Ол Наҳаён, Миср Бош вазири Мустафо Мадбули ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирок этган.

Трамп йиғилишни “энг муҳим учрашув” сифатида баҳолаган.

“Биз Ғазодаги урушга барҳам беришни истаймиз. Буни ҳозироқ тугатишимиз мумкин”, деган у журналистларга.

Трамп, шунингдек, Президент Субиантонинг нутқини юқори баҳолаб, барқарор тинчликка эришиш учун Исроил хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.

50 дақиқа давом этган музокараларда асосий эътибор Ғазо ва Яқин Шарқдаги вазиятга қаратилган.

АҚШ ОАВ маълумотларига кўра, Трамп араб ва мусулмон давлатларига Ғазога қўшин юбориш, Исроилнинг чиқиб кетишини таъминлаш ҳамда тикланиш ва бошқарув жараёнларига молиявий ҳисса қўшиш режасини таклиф этган.

Учрашув давомида мусулмон давлатлари етакчилари ўз таклиф ва қарашларини билдирган, бироқ ягона режа эълон қилинмаган.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва унинг ўринбосари Исҳоқ Дар Трамп билан алоҳида мулоқот ўтказган. Эрдўған эса АҚШ Президенти билан мулоқотни ижобий баҳолаган.

Шунингдек, Шаҳбоз Шариф Қувайт ворис шаҳзодаси шайх Сабоҳ Холид Ол Муборак ас-Сабоҳ ва Австрия канцлери Кристиан Штокер билан учрашган. У Саудия Арабистонининг миллий байрами муносабати билан йўллаган табригида Ар-Риёднинг иқтисодий қўллаб-қувватлашини Покистон барқарорлиги учун муҳим омил сифатида қайд этган.

Шариф Саудия билан дўстона муносабатлар исломий қийматлар, тарих ва ишончга асосланганини таъкидлаб, сафар давомида кўрсатилган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор этган.

Учрашув якунида Шаҳбоз Шариф Покистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 сентябрь Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзга чиқиб, Ғазодаги вазиятни кескин қоралаганди ва мамлакатларни Фаластинни тан олишга чақирганди. Эрдўған Ғазодаги очликдан азият чекаётган аёллар ва болаларнинг суратларини кўрсатиб, содир бўлаётган геноцид “жонли эфирда намойиш этилаётганини” айтган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йорк Ғазо Абдулла II

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг