Трамп Саудияга Исроилники каби мақом берди
Олам
−
19 Ноябрь 5119 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 18 ноябрь куни АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида қурол-яроғ етказиб беришни енгиллаштирувчи ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни юқори даражага кўтарувчи хавфсизлик келишуви тузилганини маълум қилди.
Келишувга кўра, Саудия Арабистони АҚШнинг “НАТОга кирмаган асосий иттифоқчиси” сифатида белгилаб қўйилади. Бу мақом икки давлат ўртасида мудофаа ҳамкорлигини чуқурлаштиради, аммо хавфсизлик бўйича мажбурий кафолат бермайди. У шундай мақомга эга 19 мамлакат, жумладан Исроил, Иордания, Кувайт ва Қатар рўйхатига қўшилади.
Саудия Арабистони АҚШнинг Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчиларидан бири ҳисобланади, бироқ инсон ҳуқуқлари, нефть сиёсати ва Исроил билан боғлиқ масалалар туфайли муносабатлар таранглашиб борган. Трамп Саудия билан муносабатларни ҳар икки президентлик муддатида ҳам ўзининг асосий устувор йўналишларидан бири қилган ва биринчи ҳамда иккинчи муддатларидаги илк хорижий сафарларида айнан шу мамлакатга борган.
“Кучлироқ ва имкони кенгроқ иттифоқ ҳар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилади ва тинчлик йўлида энг муҳим мақсадлардан бири бўлади”, деди Трамп Оқ уйда Саудия валиаҳди Муҳаммад бин Салмон иштирокидаги қора галстукли кечки овқатда.
Эълон Саудия валиаҳдининг АҚШдаги инвестицияларни 600 миллиард доллардан деярли 1 триллион долларга ошириш нияти ҳақидаги баёнотидан сўнг, шунингдек, Муҳаммад бин Салмон билан боғлиқ бўлган 2018 йилдаги “Washinton Post” мухбири ўлдирилишига оид саволни Трамп рад этганидан кейин янгради.
“Бугун ўзига хос кун. Саудия Арабистони ва Америка ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг имкониятлари янада кенгаймоқда. Биз кўплаб келишувларни имзоладик, улар кўп соҳаларда муносабатларни янада чуқурлаштиришга йўл очади”, деди валиаҳд кечки овқатда.
Қурол-яроғ етказиб беришни енгиллаштиришдан ташқари, келишув АҚШга Саудия ҳудудида ўз қурол-аслаҳаларини жойлаштириш имконини беради, шунингдек, Саудияга Пентагоннинг таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш шартномаларида иштирок этиш ва камайган уранли ўқ-дорилар харид қилиш ҳуқуқини тақдим этади.
Live
Барчаси