Трамп ва Европа етакчилари тортишиб қолди

Олам

image

Кеча, 10 декабрь куни Украинанинг европалик иттифоқчилари ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасидаги телефон орқали мулоқотда тортишув юз берди. Бу ҳақда Трамп кеча, 10 декабрь куни журналистларга Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан бўлган суҳбати ҳақида гапириб бераётганида маълум қилди.

“Биз Украина ҳақида анча кескин сўзлар билан гаплашдик. Ўйлашимча, одамлар масаласида кичик келишмовчиликлар бўлди. Ва биз учрашишдан олдин бунинг нималарга олиб келишини кўрамиз, дедик”, деб тушунтирди Оқ уй раҳбари. 

Дональд Трамп “кескин сўзлар” деганда нима назарда тутганини аниқлаштирмади.

Трампнинг айтишича, Европа етакчилари ҳафта охирида Европада бўлиб ўтадиган ва Украинага бағишланган учрашувда АҚШ вакиллари иштирок этишини исташган. Унда Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам қатнашади. 

“Улар қайтиб келганда нима билан қайтишларига қараб қарор қабул қиламиз. Вақтни бекорга сарфламоқчи эмасмиз”, деди АҚШ Президенти.

У яна бир бор Зеленскийни Украинада сайловлар эълон қилишга ва Россия билан тинчлик келишуви тузишга чақирди. 

“Зеленский реалист бўлиши керак”, деди Дональд Трамп.

Оқ уй раҳбари охирги кунларда Украина Президентини кескин танқид қилиб, уни президентлик сайловларини ўтказишга чақириб келмоқда. Амалдаги Украина ҳарбий қонунчилигига кўра, бу сайловларни ўтказиш ҳозирча имконсиз.

Трамп танқидидан кейин Владимир Зеленский президентлик сайловларига принципиал равишда тайёрлигини билдирди, аммо уларни ўтказиш учун икки масала ҳал этилиши кераклигини айтты. Биринчиси – АҚШ маъмурияти ва Европа ҳамкорлари сайловларнинг хавфсизлигини таъминлаши лозим. Иккинчиси – халқ иродасининг легитимлиги учун зарур қонуний асос яратилиши. Зеленскийнинг айтишича, у Олий Рада депутатларидан ҳарбий ҳолат даврида сайловларга оид қонунчилик базасини ўзгартириш имконияти ҳақида таклифлар тайёрлашни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Дональд Трамп Украина Владимир Зеленский Эммануэль Макрон Кир Стармер Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг