Тўқаев Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

Олам

image

Бугун, 14 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Бухорога ташриф чоғида кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимият учун миннатдорлик мактубини йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди. 

“Нафақат Марказий Осиё, балки бутун жаҳон цивилизацияси дурдонаси бўлган қадимий Бухоро шаҳрига амалий ташрифим чоғида кўрсатган алоҳида меҳмондўстлик ва самимият учун cизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Ўзбекистон бу бебаҳо бойликни асраб-авайлаб, бойитиб, буюк ўтмишни замонавий эҳтиёжлар билан уйғунлаштириб келаётгани мени ҳайратга солди. Бухоронинг бугунги гўзал қиёфаси сизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган оқилона ва бунёдкорона сиёсатингиз юксак самарадорлигининг яққол ифодасидир”, дейилади мактубда.

Шунингдек, Тўқаев пухта ўйланган тадбирларга бой ташриф ўзи, шубҳасиз, фойдали бўлганини қайд этган. 

“Назаримда, Бухородаги бир кунлик музокаралар узоқ муддатли сиёсий самараси жиҳатидан расмий ташрифдан асло қолишмайди. Учрашувимиз Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун янги уфқларни очди, давлатлараро стратегик ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади”, дейди Қозоғистон Президенти.

Шу билан бирга, у Остонага қайтгач, эришилган ва тасдиқланган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги фойдали тажрибасини ҳисобга олиш бўйича аниқ топшириқлар берганини билдирган. 

“Тоза ҳаво” қўшма ташаббусига алоҳида аҳамият бераман”, дейди Тўқаев ўз мактубида.

Бундан ташқари, Қозоғистон етакчиси қўйилган вазифаларнинг сифатли бажарилиши Қозоғистон – Ўзбекистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янги чўққиларга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирган.

“Қозоғистон учун катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган архив материалларини тақдим этганингиз учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Бу ҳаракат сизнинг бағрикенглигингиз ва қозоқ халқига бўлган илиқ муносабатингиз, қардош мамлакатларимиз тарихини муносиб эътироф этишингиздан далолат беради.

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизга ва оилангизга чин қалбимдан сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, Қозоғистоннинг абадий дўсти, иттифоқчиси ва стратегик шериги бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишда янги муваффақиятлар тилайман”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан мамлакатга келганди. Учрашув доирасида Тўқаев Шавкат  Мирзиёев билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Шундан сўнг Президентлар Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, икки мамлакат етакчилари Бухоро вилояти ҳокимлиги ситуацион маркази фаолияти билан танишди. У ерда Шавкат Мирзиёев Тўқаевга ноёб архив материаллари нусхаларини ҳадя қилди. Учрашув сўнгида улар Бухоронинг дунёга машҳур ёдгорликлари – Арк қўрғони, Пои Калон ва Лаби Ҳовуз ансамблларини зиёрат қилди ва шу билан Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи якунланди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мактуб Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг