Қирғизистон сайловларидаги ғалаба, Алиевнинг айблови, Татаристонга борган Саида Мирзиёева – Туркий дайжест

Таҳлил

Президент Администрация раҳбари Саида Мирзиёева Татаристонга борди. Қирғизистондаги сайловларда Жапаров тарафдорларининг қўли баланд келди. Президент Илҳом Алиев Арманистонга айб қўйди. Сизлар билан Туркий дайжестнинг навбатдаги сони ва бу гал юқоридаги мавзуларга тўхталамиз.

Алиев Арманистонга айб қўйди

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат аҳолисининг Арманистондан депортация қилинишига халқаро баҳо берилишини талаб қилди ва қўшни давлатнинг ҳаракатларини “инсониятга қарши жиноят” деб атади. У Арманистон ғарбий Озарбайжонда яшаган озарларнинг бой моддий ва номоддий маданий меросини, уларнинг муқаддас жойларини, қабристонларини мунтазам равишда йўқ қилиб, Озарбайжон халқининг изларини ўз ҳудудидан ўчириб ташлашга интилганини айтди. Алиев арманлар томонидан озарбайжонликларга нисбатан содир этилган инсониятга қарши жиноятларни халқаро-ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳолаш ва бу борада халқаро жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун зарур чораларни кўриш ниҳоятда муҳимлигини эслатди.

Алиев “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва бошқа муҳим халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган қайтиш ҳуқуқи доирасида “Арманистондан зўрлик билан қувиб чиқарилган озарбайжонликларни қайтариш” бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирган. Шунингдек, у БМТнинг махсус тузилмалари иштирокида маданий меросни тиклаш ва ҳимоя қилиш жараёнини бошлашни таклиф қилган.

У, шунингдек, жорий йилнинг август ойида АҚШда Озарбайжон ва Арманистоннинг учрашуви икки халқнинг келажакдаги ёнма-ён яшаши бўйича умид уйғотаётганини қўшимча қилган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ёмонлашув асосан Қорабоғ можаросидан келиб чиққан. Совет даврида Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида бўлсада, аҳолининг катта қисми арманлардан иборат эди. 1980 йилларнинг охирида СССР парчалана бошлаганда, арман миллатчилари ҳудудни Арманистонга қўшишни талаб қилди, бу эса миллатлараро кескинликни кучайтирди.

1988 йилда қуролли тўқнашувлар бошланди, 1991 йилда урушга айланиб, 1994 йилда Россия воситачилигида Бишкек сулҳи имзоланди. Натижада арман кучлари Тоғли Қорабоғ ва атрофидаги 7 туманни эгаллаб олди, Озарбайжон эса бу ҳудудларни босиб олинган, деб ҳисоблаб келди. 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 44 кунлик уруш бўлиб, Озарбайжон Туркия ёрдами ва замонавий қуроллар ёрдамида катта ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини қайтариб олди. Россия воситачилигида сулҳ тузилиб, Арманистон Қорабоғдан ташқари уч туманни Озарбайжонга топширди.

2023 йил сентябрда Озарбайжон “антитеррор операцияси” орқали бутун Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳудуддаги арман аҳолиси деярли тўлиқ Арманистонга кўчиб кетди. Ҳозирда ёмонлашувнинг асосий сабаблари чегара масалаларининг ҳал қилинмагани, йиллар давомида уруш ва миллий адоват туфайли ўзаро ишончсизликнинг юқорилиги, Зангезур коридори бўйича келишмовчиликлар ва геосиёсий омиллардир.

Саида Мирзиёева Татаристонга борди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 1 декабрь куни Татаристонга борди ва республика раиси Рустам Миннихонов билан учрашди.

Учрашувда улар Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилган.

Халқларимизнинг тарихий яқинлиги ва маданиятлар муштараклигига асосланган гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратдик. Ўзбекистонда энг кўп сонли татар диаспораси истиқомат қилмоқда. Татаристон эса Россияда таълим соҳасидаги асосий ҳамкорларимиздан бири ҳисобланади – бу ерда 3,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Самимий қабул ва очиқ мулоқот учун миннатдорман. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз янада ривожланиши ва мустаҳкамланиб боришига ишонаман, дейди Саида Мирзиёева.

Ишчи ташриф билан Қозонга борган Президент Администрация раҳбари Рустам Миннихоновга Президент Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган.

Шундан сўнг, Рустам Миннихонов ва Саида Мирзиёева “Оламлар орасидаги нур” номли картиналар кўргазмасига борди. Экспозиция Россиянинг Истра шаҳридаги “Янги Ерусалим” Давлат музейи ҳамда Нукус шаҳридаги И.В. Савитский номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи коллекцияларини бирлаштирган. Кечқурун эса улар Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри иштирокидаги концертга борди.  

“Татаристон–Ўзбекистон алоқалари тарихий жиҳатдан бизда жуда кўп умумий жиҳатлар борлигига асосланади. Бунга бизнинг тарихимиз, анъаналаримиз, умумий динимиз, албатта, тиллар яқинлиги хизмат қилади – биз бир-биримиз билан осон мулоқот қила оламиз”, деди Миннихонов.

Жапаровнинг тарафдорлари сайловда ғалаба қозонди

30 ноябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларига кўра, амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари ғалаба қозонди.

Парламентдаги 90 ўриндан 50 таси аввалги чақириқ депутатларига насиб қилиши мумкин. Янги тизим бўйича биринчи марта муддатидан олдин сайловлар ўтказилди. Қирғизистон парламенти депутатлари 25 сентябрь куни ўзини-ўзи тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга сабаблардан бири 2026 йилнинг ноябрида – президентлик сайловларига икки ой қолганда муддатидан олдин сайлов ўтказиш истаги борлиги айтилган. Депутатларнинг фикрича, икки сиёсий воқеа ўртасидаги бундай қисқа тафовут сиёсий нотинчликни келтириб чиқариши мумкин.

Парламент аъзолари муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини қўллаб-қувватловчи яна бир омил сифатида Президент томонидан 2025 йилнинг июнь ойида қабул қилинган сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни келтиришди. Илгари 90 нафар парламент депутатидан 36 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича, қолган 54 нафари эса партия рўйхати бўйича сайланган. Энди мамлакатда бор-йўғи 30 та сайлов округи мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири учта депутатни сайлайди, улардан камида биттаси аёл киши бўлиши керак.

Расмийлар сайловларда партиявий тизимдан амалда воз кечишини “сиёсий коррупцияга қарши курашиш ва амалдаги сайлов тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, халқнинг сайланган вакилларга ишонч даражасини ошириш” билан изоҳламоқда.

Сайловдан бир ҳафта олдин Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мухолифат вакиллари ва собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг собиқ тарафдорларини ҳибсга олди. Ҳибсга олинганлар орасида мухолифатдаги Социал-демократлар партияси аъзолари Темирлан Султонбеков ва Эрмек Эрматов, собиқ президентнинг ўғли Қодирбек Атамбоев ва бошқалар бор эди.

Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, улар “республикадаги парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан кейин оммавий норозилик кўринишини яратиш мақсадида бир қатор митинглар уюштиришни” режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг