Мирзиёев Алиев билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида Илҳом Алиев Ўзбекистон етакчисига Маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон раҳбари, ўз навбатида, қардош Озарбайжон Президенти ва халқини жорий йил 8 ноябрь куни нишонланган Ғалабанинг беш йиллиги билан самимий табриклаган.

Ўзбекистон Президентининг шу йил июль ойида Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

“Барча даражаларда самарали алмашинувлар давом этмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди. Автомобилсозлик, энергетика, туризм ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар фаол паллага кирган”, дейилади хабарда.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Маълумот учун, жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Илҳом Алиев амалий ташриф билан Тошкентга келгани ҳақида хабар берилган эди. “Тошкент–Ҳумо” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг