Туркий давлатлар ҳарбий иттифоқ тузадими? 

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилотини ҳарбий альянс ёки геосиёсий лойиҳага айлантириш ғоясини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 15 май куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчиларининг норасмий саммитида сўз очди.

Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, ахборот майдонида вақти-вақти билан ҳарбий альянс ҳақидаги ғоялар пайдо бўлиб турибди, бироқ Қозоғистон уларни деструктив (вайронкор) ва бирлашма мақсадларига зид деб ҳисоблайди.

“Уларнинг ғаразли ниятлари бизга аён. Шунингдек, уларнинг мақсадлари ярашиш билан боғлиқ эмаслиги ҳам маълум. Қозоғистон бундай позицияни рад этиш керак, деб ҳисоблайди. Биз учун туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш – ўта муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифадир. Туркий давлатлар ташкилоти – бу геосиёсий лойиҳа ҳам, ҳарбий ташкилот ҳам эмас. Бу биродар давлатлар ўртасидаги савдо, иқтисодий, юқори технологияли, рақамли ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ноёб платформадир”, дейди Қозоғистон Президенти.

Тўқаев Қозоғистон учун туркий дунё ичида ишончни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бундай позиция Қозоғистон учун муҳим устувор йўналиш ҳисобланади.

“Бу миллий манфаатлар нуқтаи назаридан ҳам самаралидир. Туркий дунё ўз мақсадларидан чалғимаган ҳолда, доимо тинчлик-тотувликда яшаши ва биргаликда ривожланиши керак. Шу сабабли, бугунги учрашув, шубҳасиз, умумий илдизлар ва умумий тарихга эга бўлган мамлакатларимиз бирлигини мустаҳкамлайди”, дейди Тўқаев.

Маълумот учун, айни дамда Туркистонда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчиларининг норасмий саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркистон шаҳрининг тарихий-маданий марказида бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий иттифоқ ҳарбий альянс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг