Туркия Қора денгизда номаълум дронни уриб тушурди
Олам
−
16 Декабрь 2809 1 дақиқа
Туркия кучлари Қора денгиз томонидан учиб келган номаълум дронни уриб туширди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Туркия ҳаво ҳудуди томонга Қора денгиз устидан учиб келган, эҳтимол “бошқарувдан чиққан” учувчисиз учиш аппарати ҳарбийлар томонидан уриб туширилган.
Хабарда айтилишича, дронни тутиб қолиш учун НАТОга қарашли F-16 қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган ва у хавфсиз ҳудудда йўқ қилинган.
“Туркия ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш мақсадида НАТО ва миллий қўмондонлик назоратидаги F-16 қирувчи самолётларига жанговар жавоб бериш вазифаси юклатилди. Аниқланишича, мазкур ҳаво нишони бошқарувдан чиққан учувчисиз учиш аппарати бўлган. Мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш учун у аҳоли яшаш жойларидан узоқ, хавфсиз ҳудудда нишонга олиниб уриб туширилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Дрон кимга тегишли экани ҳозирча номаълум. Шунингдек, унинг фуқаролик ёки ҳарбий аппарат бўлгани ҳам аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат шимолий қирғоқлари яқинида Россиянинг “соя флоти”га мансуб танкерлар нишонга олинганидан сўнг, Қора денгиздаги тижорат кемаларига уюштирилган ҳужумларни “қабул қилиб бўлмас” деб атаганди.
Live
Барчаси