Туркияда НАТО қароргоҳи қурилади
Олам
−
11:52 1386 2 дақиқа
Туркия Миллий мудофаа вазирлиги мамлакатда кўп миллатли НАТО қароргоҳи ташкил этилишини эълон қилди. Бу ҳақда Анқарада 26 март куни ўтказилган ҳафталик матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вазирлик маълум қилишича, 2023 йилда НАТОнинг Жануби-шарқий минтақавий режаси доирасида ушбу қароргоҳни ташкил этиш бўйича ишлар бошланган, 2024 йилда эса бу ният НАТОга расман билдирилган.
Баёнотга кўра, штаб турк генерали қўмондонлигида фаолият юритиши режалаштирилган. Шу мақсадда 6-корпус қўмондонлиги масъул этиб тайинланган ва миллий кадрлар учун зарур тайинловлар амалга оширилган.
Қароргоҳни кўп миллатли тузилишга айлантириш ишлари НАТО билан ҳамкорликда давом этаётгани, бироқ НАТО жараёнлар ҳали якунланмагани ва тасдиқлаш ишлари давом этаётгани қайд этилган.
Қароргоҳнинг вазифаси НАТОнинг минтақавий режалари доирасида ўзига ажратиладиган кучларнинг интеграциялашувини таъминлаш ҳамда масъулият ҳудудида тийиб туриш ва мудофаа фаолиятини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши таъкидланган.
Шунингдек, вазирлик НАТОнинг Жануби-шарқий минтақавий режаси аввалдан иттифоқчилар томонидан тасдиқланганини эслатиб, ташкил этилиши режалаштирилаётган штабнинг минтақадаги сўнгги воқеалар билан бевосита боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Туркия Яқин Шарқдаги урушга муносабат билдириб, ҳеч ким мамлакатни урушга тортолмаслигини билдирганди.