Туркияда ўзбекистонлик аёлнинг бошсиз жасади топилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик аёлнинг бошсиз жасади топилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси муносабат билдирди.

Аниқланишича, кеча, 24 январь куни соат 19:40 атрофида Истанбул шаҳрининг Шишли туманида чиқиндилар орасидан буюм тўплаб юрган фуқаро контейнер ичида ўралган жасадни кўриб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган. Кўрик жараёнида жасаднинг бош қисми мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳ.Д. экани тасдиқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2 нафар фуқароси қўлга олинган. Улар Туркиядан Грузияга авиарейс орқали қочишга уринган вақтида ушланган.

Бош консулхона дипломатлари томонидан марҳуманинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатилган ҳамда уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича суриштирув жараёнлари Бош консулхона назоратига олинган.

Бош консулхона ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни расмий манбалар орқали тақдим этиб боради.

Туркия ОАВларининг ёзишича, воқеа Дуатепе маҳалласи, Куюлубоғ кўчасида соат тахминан 20:00 атрофида содир бўлган. Маҳаллада қоғоз териб юрган О.Ch. исмли шахс ахлат контейнерида чойшабга ўралган жасадни кўриб, бу ҳақда полицияга хабар берган.

Дастлабки кўздан кечириш жараёнида жасад аёлга тегишли экани, аммо боши йўқлиги аниқланган. Воқеа жойига келган ходимлар атрофни ўраб олиб, кенг қамровли тергов ишларини олиб борган. Текширув давомида аёлнинг боши ва кесилган оёқлари топилмаган.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан, гумонланувчилар олиб юргани айтилган чемодан айни маҳалладаги Бозкурт кўчасидан топилиб, далил сифатида ўрганишга олинган.

Полиция маълумотига кўра, қотилликни марҳума билан яқин муносабатда бўлгани айтилган Ўзбекистон фуқароси, қурилиш ишчиси Д. (31 ёш) содир этган. Унга яна бир қурилиш ишчиси Г. 29 ёш) ёрдам бергани аниқланган.

Юзлаб кузатув камералари ёзувлари ўрганилиб, икки гумонланувчининг Грузияга қочиш учун аэропортга йўл олгани аниқланган. Тахминан 8 соатлик операция натижасида улар мамлакатни тарк этишга улгурмасдан қўлга олинган. Шунингдек, Э.К. исмли яна бир шахс гумонланувчи сифатида ушланиб, жами қўлга олинганлар сони 3 нафарга етган.

“Жабрланувчи билан воқеа содир бўлган куни танишдик. Ўртамизда муносабат бошланди. Кейин жанжаллашиб қолдик. Уни пичоқ билан ўлдирдим. Сўнгра дўстим билан бирга жасадни Умраниядаги уйда бўлакларга ажратдик. Жасад қисмларини пакетга солиб, чемоданга жойладик. Кейин таксида Шишлига келиб, жасад ва қисмларни турли ахлат контейнерларига ташладик”, деган қўлга олинган фуқаролардан бири.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ўзбекистонлик жасади

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг