Туркиядаги ўзбекистонликларга муҳим огоҳлантириш берилди
Олам
−
17 Апрель 11203 1 дақиқа
Жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон фуқароси томонидан Туркиянинг Истанбул метрополитенида турк фуқароси бўлган аёлни рухсатсиз суратга олиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Истанбул шаҳридаги Бош консулхона хабар берди.
Ушбу ҳаракат аёл томонидан ҳуқуқ-тартибот органларига маълум қилинганидан сўнг фуқаро қўлга олинган ва ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳолат шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланган. Оқибатда ўзбекистонлик фуқаронинг Туркияда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси бекор қилинган. Айни пайтда унга нисбатан маъмурий жазо ва мажбурий депортация чоралари кўриляпти.
Бош консулхона аралашуви натижасида мазкур фуқаро жиноий жавобгарликдан қутулиб қолган.
“Туркияда бўлишингиз давомида маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилинг. Бегона шахсларни уларнинг рухсатисиз суратга ва видеога олиш ёки уларга ноқулайлик туғдирувчи ҳаракатлар сизга нисбатан жиддий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳуқуқий муаммоларга йўлиқмаслик учун ҳаракатларингизда эҳтиёткор бўлинг”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Туркия қонунларига кўра, бошқа шахсни, айниқса аёлларни, уларнинг розилигисиз суратга олиш ёки видеога тушириш қатъиян ман этилади ва бу жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиядаги ва Туркияга бораётган ўзбекистонликлар ёлғон иш таклифларига ишонмаслик юзасидан огоҳлантирилганди.
Live
Барчаси