ЎФА 7 та клубни қаттиқ жазоламоқчи
Спорт
−
24 Октябрь 9601 2 дақиқа
Ўзбекистон футбол ассоциацияси 7 та клубни жазолаши, улар қаторидаги “Навбаҳор” ва “Нефтчи” ҳисобидан 3 очко олиб ташлаши мумкин. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, бир нечта клублар қўмита қарорларида белгиланган мажбуриятларга зид ҳаракатларни амалга оширган. ЎФА томонидан Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасида қабул қилинган қарорлар ижроси таҳлил қилинди. Қўмита қарорларига мувофиқ, клубларга қарздорликларни муддат белгилаб, тўлиқ бартараф этиш мажбурияти юклатилган.
“Навбаҳор”, “Нефтчи”, “Андижон”, “Хоразм”, “Бухоро”, “Қумқўрғон-1977“, ТерДУ футбол клублари қўмита қарорларида белгиланган мажбуриятларни тўлиқ бажармасдан келаётгани аниқланди.
Мазкур футбол клублари қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмагани учун уларга нисбатан жарима интизом чоралари қўлланган бўлса-да, шундан кейин ҳам қарздорликни бартараф этмасдан келмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ассоциация юқорида санаб ўтилган 7 та жамоага нисбатан оғир жазо чораларини кўриб чиқилишини маълум қилди.
“2025 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тегишли қўмитасида мазкур футбол клубларига нисбатан оғирроқ интизомий жазо чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.
Бунда, “Навбаҳор” ва “Нефтчи” футбол клубларига нисбатан Ўзбекистон Суперлига чемпионатида тўпланган очколаридан 3 очко олиб ташлаш (уч очкодан маҳрум қилиш) ҳамда қишки трансфер ойнасида халқаро ва миллий даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйиш, шунингдек, “Андижон”, “Хоразм”, “Бухоро”, ТерДУ клубларига ҳам қишки трансфер ойнасида халқаро ва миллий даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйиш, “Қумқўрғон-1977” футбол клубини эса мусобақадан четлаштириш чораларини қўллаш масалалари кун тартибидан ўрин олади”, дея қўшимча қилинди расмий баёнотда.
Жаҳонгир Иномжонов
Live
Барчаси