Ўқитувчиларнинг маошини минг долларга етказамиз деган гапларим ҳақиқатга айланди – Президент

Жамият

image

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўм маош олмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз очди.

“Иқтисодиёт ривожланиши, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ. Сизлар билан иш бошлаган биринчи кундан айтаман: таълим, таълим, таълим, муаллим, муаллим, муаллим”, дейди давлат раҳбари. 

Қайд этилишича, йиғилишда ўқитувчига муносиб шароит яратиш, боғча, мактаб қуриш, жиҳозлаш, четдан мутахассис олиб келиш, замонавий дарслик ва ўқув дастурларини жорий қилиш бўйича жуда кўп шароитлар яратилгани ва бу яна давом эттирилиши таъкидланган.

“Лекин ҳар бир туман, вилоят ҳокими, биз фарзандларимизни ишониб топширган боғча, мактаб, техникум, олийгоҳ раҳбарлари бир ҳақиқатни аниқ билиши зарур. Одамларимиз яхши яшаши учун иқтисодиётимиз кучли бўлиши керак! Бунинг учун янги товар, янги хизмат, янги технология керак! Сифатли таълим тизими орқалигина буларга эриша оламиз! Бошқа йўлимиз йўқ! Шу ҳақиқатни англаб, ҳар куни ўзини қийнаб ишлаган раҳбарнинг туманида, боғчаси, мактаби, техникуми, олийгоҳида албатта ўзгариш ва натижа бўлади!” дейди Президент.

Билдирилишича, йиғилишда жалб қилинаётган инвестицияларга, янги очилаётган корхоналарга яраша муносиб кадр ҳам тайёрланиши лозимлиги қайд этилган. Ўтган даврда ўқитувчиларнинг ойлигига қўшимча 10 дан зиёд устамалар жорий қилинган. 

“Эътибор беринг, бугун ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўм маош оляпти. Бу қачон бўлган?”дейди Президент.

Жорий ойдан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари ойлиги ҳам 10 миллион сўмдан ошди. Янги баҳолаш тизимига ўтган 1,5 минг мактабнинг 300 таси ижобий натижа кўрсатгани учун бутун жамоаси 40 фоизгача устама олади.

“Мен халқимизга вақти келиб ўқитувчиларнинг маошини минг долларга етказамиз деган гапларим мана уч йил ичида ҳақиқатга айланди”, дейди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мактаб таълимини 12 йиллик тизимга ўтказилиши кутилаётгани хабар қилинган эди. Бу ташаббус кеча, 8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишганидан сўнг давлат раҳбари томонидан маъқулланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўқитувчилар маоши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг