Украина АҚШ ёрдамисиз бир неча ойгина чидаши мумкин – WSJ
Олам
−
25 Февраль 5636 2 дақиқа
Агар АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатса, Киев жорий жанговар ҳаракатлар суръатини ёзгача ушлаб туриши мумкин. Ундан кейин эса ўқ-дорилари тугайди ва Қуролли кучлар замонавий қурол тизимларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу ҳақда собиқ ва амалдаги Ғарб расмийларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
АҚШ Мудофаа вазирининг халқаро хавфсизлик масалалари бўйича собиқ ёрдамчиси Селеста Уолландер вазиятни бироз оптимистик баҳолайди. Унинг фикрича, Киев камида йил ўрталаригача дош бера олади, чунки у Дональд Трамп инаугурациясидан олдин АҚШдан йирик ҳарбий ёрдам қабул қилиб олган.
Украина Президенти ёрдамчисининг айтишича, АҚШ ҳарбий ёрдамини тўхтатиши – энг ёмон сценарий бўлиб, у Украина ҳарбий ишлаб чиқаришини ошириш ва Европа давлатларидан кўпроқ ёрдам олишни талаб қилади.
Ғарб манбалари берган маълумотларга кўра эса ҳозирги пайтда Украина ўз ҳарбий техникасининг тахминан 55 фоизини ўзи ишлаб чиқаради, АҚШ таъминоти 20 фоизни, Европаники эса 25 фоизни ташкил қилади.
Украина расмийларига кўра, мамлакат йилига 2,5 миллион артиллерия ва миномёт снарядлари ишлаб чиқаради, бу эса уруш бошланганидан бери АҚШ томонидан етказиб берилган 3 миллион артиллерия снарядидан камроқ. Европа Иттифоқи эса 2024 йилда 1,4 миллион снаряд ишлаб чиқарган ва 2025 йилда 2 миллионга етказишни режалаштирмоқда.
Бироқ АҚШ етказиб бераётган айрим қуроллар қисқа муддатда бошқа манбалардан ўрнини босиб бўлмайдиган даражада муҳим. Уларга қуйидагилар киради:
- Patriot зенит-ракета тизимлари;
- Ер-ер синфидаги баллистик ракеталар;
- Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимлари;
- ATACMS узоқ масофага учувчи ракеталар.
АҚШ ўқ-дорилари тугаши билан Украина Қуролли кучларининг узоқ масофаларга зарба бериш ва мудофаани таъминлаш қобилияти пасаяди.
“Сизга энг юқори сифатли ҳарбий технологияларни етказиб берадиган ҳамкорнинг мавжудлиги – баъзи соҳаларда ўрнини боса олмайдиган устунликдир”, дейди Чехия ҳукуматининг Украинани тиклаш бўйича вакили Томас Копечний.
Украинанинг собиқ ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг фикрича, Киевга қурол етказиб бермаслик таҳдиди – унга босим ўтказишнинг энг кучли воситаси.
“Бизда ҳали олти ой бор, ундан кейин эса олдинги чизиқда қурол тақчиллиги сезила бошлайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Украинага ўқ-дорилар етказиб беришдан иборат янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишга ҳозирлик кўраётгани хабар қилинганди.