Украинада аҳоли сони кескин камайиб кетди – ОАВ

Олам

image

Украинадаги можаро бошланганидан бери аҳоли сони кескин камайди. 2022 йил февралидан буён мамлакат аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионга тушиб кетди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, Украинанинг тўрт йилга яқин давом этаётган можаро фонида аҳоли камайиши жиддий даражага етган. Украинадаги Миллий фанлар академияси Демография институти маълумотига кўра, можаро олдидан мамлакат аҳолиси 42 млн бўлган, ҳозир эса 36 млндан ҳам кам.

Украина ҳукумати ҳозирги динамикага кўра, 2040 йилга бориб аҳоли 29 миллионга тушиб кетиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг “Дунё фактлар китоби”га кўра, 2024 йилда Украинада туғилиш даражаси дунёда энг паст, ўлимлар эса энг юқори бўлган, ҳар бир туғилишга қарийб учта ўлим тўғри келган.

Ҳукумат маълумотига кўра, эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги можародан олдинги 65,2 йилдан 2024 йилда 57,3 йилга тушган. Аёллар орасида эса бу кўрсаткич 74,4 йилдан 70,9 йилга камайган.

Украина иқтисодий стратегия марказининг 2025 йил март ойидаги хабарида айтилишича, 2022 йилдан кейинги даврда мамлакатни тарк этган 5,2 миллион украиналик хорижда – асосан Россия, Германия ва Польшада қолиб кетган.

Таҳлил маркази прогнозига кўра, 1,7–2,7 миллион одам доимий равишда чет элда қолади, можаро тугагач эса яна юз минглаб эркаклар мамлакатдан кетиши мумкин.

Демографларнинг айтишича, 2022 йилдан буён Украинадан кетаётганлар орасида ёш аёллар сони жуда кўп бўлгани демографик инқирозни янада кучайтирмоқда.

Украина Миллий фанлар академияси прогнозига кўра, 2051 йилга бориб аҳоли сони 25 млнга тушади.

БМТнинг 2024 йилда эълон қилинган прогнозида эса 2100 йилга келиб Украина аҳолиси 9–23 млн оралиғига тушиб кетиши мумкинлиги айтилади. 

Украина ахборот агентлиги хабарида айтилишича, 2025 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, яшаш жойини расмий рўйхатга олган аҳолининг сони 28,7 миллион бўлган.

РБК Украина эса Халқаро валюта жамғармасига таянган ҳолда, 2024 йилда аҳолининг 33,3 миллионга тушганини маълум қилган. 

БМТнинг 2024 йилги маълумотига кўра, 2014 йилдан 2024 йилгача Украина аҳолиси 10 миллиондан камайган, шундан 8 миллиони можаро, яъни 2022 йилдан кейинги даврга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган эркакларга уруш ҳолати шароитида ҳам чет элга эркин чиқишга рухсат берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг