Уруш ҳудудларида аёл қурбонлар кўпаймоқда 

Олам

image

Сўнгги вақтларда кузатилаётган қуролли можаролар, айниқса, аёллар ва қизлар учун катта азоб-уқубатларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2025 йилга мўлжалланган аёллар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича ҳисоботида келтирилган.

Унга кўра, 676 миллион аёл можаро зоналаридан 50 километр узоқликда истиқомат қилади. Бу 1990 йиллардан бери энг юқори кўрсаткичдир. Аёллар ва болалар ўлими олдинги икки йиллик даврга нисбатан тўрт баравар кўпайган. Ҳисоботда, шунингдек, дунё миқёсида икки йил ичида можаро билан боғлиқ жинсий зўравонлик 87 фоизга ошгани аниқланган.

Қайд этилишича, аёлларнинг музокараларда иштироки тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши илмий жиҳатдан исботланган бўлса-да, улар ҳали ҳам қарор қабул қилиш жараёнидан деярли четда қолмоқда. 

2024 йилда ўнта тинчлик жараёнининг тўққизтасида ҳатто битта ҳам аёл музокарачи бўлмаган. Аёллар глобал миқёсда музокарачиларнинг атиги 7 фоизини, воситачиларнинг эса 14 фоизини ташкил этган. Шунингдек, 2024 йилда жаҳон ҳарбий харажатлари 2,7 триллион доллардан ошган бўлса-да, можаро зоналаридаги аёллар ташкилотлари ёрдамнинг атиги 0,4 фоизини олганига эътибор қаратилади. Шу сабабли, кўпчилик ташкилотлар ёпилиш арафасида.

Эслатиб ўтамиз, UNICEF’нинг 2024 йилнинг декабрь ойида чоп этилган ҳисоботида уруш ҳудудларининг сони Иккинчи жаҳон урушидан бери энг юқори даражага етгани қайд этилганди. Ўша давр ҳолатида тахминан 473 миллион бола, яъни дунё бўйича ҳар беш боланинг бири зўравонлик ҳукм сураётган ҳудудларда яшаган.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

қурбонлар аёллар Уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг