Ўта оғир жиноятларни жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш бошланади
Жамият
−
19 Февраль 2305 3 дақиқа
Ўта оғир жиноятларни жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқиш Тошкент шаҳри ва вилоятидан бошланади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 16 февраль кунги фармони билан тасдиқланган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил ноябрдан бошлаб биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўта оғир жиноятларни халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади (тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бундан мустасно).
Шунингдек, мазкур ҳужжатда жиноят ишларида халқаро тан олинган Хеабес корпус институти доирасида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги ва бошқа эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилиши белгиланган. Бунинг натижасида жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланилиши, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назорати кучайтирилиб, республикадаги барча тергов судьялари ваколатлари кенгайтирилади.
Адвокатларнинг ҳимоя ва назорат ҳуқуқлари кенгайтирилади
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июндан бошлаб жиноят ишини судга юборишда айблов хулосаси билан бирга “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш тартиби жорий этилади. Бунинг натижасида 7 мингдан ортиқ адвокатлар учун жиноят процессида ҳимоя остидаги шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдаги қонуний ваколатлари кенгайтирилади.
Жиноят ишида ҳимоячига ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ёки жабрланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар ҳамда далиллар билан танишиб, ундан нусхалар олиш, суриштирув, дастлабки тергов давомида исталган вақтда ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан юритилаётган жиноят ишини қўзғатиш, тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиш ваколатларини бериш жорий қилинади.
Қайд этилишича, адвокатлар сўровига маълумотлар бепул тақдим этилиши, шунингдек, нотариал ҳаракатлар ва кадастр органларидан олинадиган маълумотларни адвокат сўрови орқали олиш тартиби жорий этилади.
Ўзбекистонда Судьялар интизомий ҳайъати ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда. Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш борасида янги ҳайъатни ташкил этиш орқали судьяга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис тартиби яратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил декабрида Олий Мажлис ва халққа қилган мурожаатномасида суд тизимини халққа яқинлаштириш ишлари давом эттирилишини айтганди. Одил судловда жамоатчилик иштирокининг оширилиши ва жиноят процессига инглиз ҳуқуқи қўлланилиб, ижобий натижа берган “Халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этишни маълум қилганди. Давлат раҳбари ўз нутқида ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилишини айтган эди.
“Халқ вакиллари ҳайъати” – бу инглиз ҳуқуқ тизимидан олинган жюри концепцияси. Ҳайъат оддий фуқаролардан иборат бўлиб, суд ишларида айбдорлик ёки айбсизликни аниқлайди ва далилларни баҳолайди. Шу орқали суд жараёни адолатли ва шаффоф бўлади. Бундай тизим Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда кенг қўлланади.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил учун мўлжалланган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурини тасдиқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Эъзоза Олимова
Live
Барчаси