Ўзбекистон ҳарбийлари Кореядаги халқаро мусобақада ғолиб бўлди
Жамият
−
28 Сентябрь 7772 2 дақиқа
Жорий йилнинг 21-26 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Конгвандо провинцияси Инже шаҳридаги ўтказилган халқаро мусобақада Ўзбекистон ғалаба қозонди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қуруқлик қўшинлари Илмийлаштирилган машғулот марказида бўлиб ўтган учинчи марта Халқаро илмий-жанговар тайёргарлик мусобақасида Корея, Ўзбекистон, АҚШ, Янги Зеландия, Камбоджа ҳамда НАТО қўшма гуруҳидан жами 16 та жамоа ва 500 га яқин ҳарбий хизматчи иштирок этди.

Мусобақада дастлаб ҳар бир жамоа оператив режани ишлаб чиқиш ва миллий келишув бўйича мажбуриятларни бажариш ҳамда бўлинмаларнинг қўшма операциялари учун зарур бўладиган кўникма ва тажриба оширди.

Шундан сўнг ҳар бир жамоа қуръа ташлаш орқали беллашувга киришди. Мусобақа шартларига кўра, жамоалар турли жанговар симуляциялар ҳамда илмийлаштирилган машғулот дастурларидан фойдаланган ҳолда тоғолди, ўрмон ва шаҳар шароитида 12 босқичдаги шартли жангларни олиб борди.

Қайд этилишича, баҳолаш жараёнида иштирокчи гуруҳларнинг шартларни тўлиқ бажариши, жанговар ҳаракатлар қоидаларига риоя қилингани, ҳужум ва мудофаада шартли душманни яксон этиш ва омон қолиш даражаси, шунингдек, жанговар ҳаракатлар тактик вазиятга мос келишини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва хабардор қилиш натижалари инобатга олинган.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон ҳарбийлари шартли душманнинг захира ва асосий қўмондонлик пунктини қўлга олишга 21 дақиқа (шу вақтгача энг яхши натижа 33 дақиқа), мудофаада туриб шартли душманни яксон этишга 25 дақиқа (шу вақтгача энг яхши натижа 29 дақиқа) сарфлаб, мусобақа рекордларини янгилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12-20 июль кунлари Хитойда бўлиб ўтган “Ўткир тиғ-2025” халқаро снайперлар мусобақасида Ўзбекистон Миллий гвардияси мерганлари ғолибликни қўлга киритганди.
Live
Барчаси