Ўзбекистон Ироқ ва Сурияга савдо бўйича вакил юбормоқчи

Жамият

image

Кейинги йилдан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлайди. Бу ҳақда бугун, 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ургут туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг ўзида 30 миллиард долларлик электротехника, текстил, озиқ-овқат, автомобиль, фармацевтика ва қурилиш материалларига эҳтиёж бор. Лекин бу бозорларга жадал кириб бориш бўйича на тармоқ раҳбарлари, на ҳокимлар ҳалигача тайинли натижа кўрсатмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, йил якунигача Афғонистонни Мозори-Шариф шаҳрида Товар-хомашё биржаси филиали очилади ва камида 100 турдаги маҳаллий маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, кейинги йилдан Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлайди. Ироқнинг энг йирик 100 та тадбиркорларини Самарқандга таклиф қилиб, “Ўзбекистон-Ироқ” бизнес форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, Ургут тумани йилига 40 миллион долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Туманда йилига 350 миллион долларлик саноат маҳсулоти чиқиши ҳисобга олинса, бу жуда кам экани қайд этилди. Умуман, келаси йили вилоятда 70 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноатда 25 минг иш ўрни яратиш режа қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 12 ноябрь куни эълон қилинган “Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими жорий этилиши белгиланган. Кеча, 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг фармойиши билан Комил Исмоилович Алламжонов маслаҳатчи-вакил – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Ўзбекистон Ироқ Савдо-саноат палатаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг