Ўзбекистон ва Покистон ўртасида янги “йўл харитаси” тайёрланади
Жамият
−
13:23 1082 3 дақиқа
Бугун, 6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда қўшма бизнес форумида иштирок этди.
.jpg)
Тадбирда икки мамлакатнинг 300 дан ортиқ етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этган.
Покистон томонидан PEL, “Waves Singer”, “Sadaqat”, “Fauji”, “Platinum”, “Fast Cables”, “National Fruit”, “Amson Group”, “Shaigan”, “Hans International”, “Secure Logistics Group”, NLC, “Fairmont”, “Go Dairy”, “Engro”, “Herbion”, AGP, “Arco”, “Habib Rafiq”, “Pakistan Steel Mills”, “Siddiq Sons”, “Uniworth”, “Diners”, “Fatima Group”, “Fateh Group”, “Hub Leather”, “Siddiq Leather”, “Royal Leather”, “Davis”, “Ahsan Dyeing” ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашган.
.jpg)
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида олий даражадаги музокаралар Ўзбекистон – Покистон муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий жиҳатдан ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан қайд этган.
Ўзаро алоқалар тарихида илк бор иқтисодий ҳамкорликка янги сифат бағишлаш ва савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни назарда тутувчи баённома имзоланган.
Икки мамлакат мутасаддиларига комплекс “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш механизмини жорий қилиш топширилган.
.jpg)
Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтган. Фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия тармоғи ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидан.
Покистон компаниялари Ўзбекистондаги дори воситалари, биотехнологиялар ва тиббий асбоб-ускуналарни маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилган. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик инвесторлар учун қулай шароитлар яратилади.
.jpg)
Халқаро брендлар учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда катта салоҳият мавжудлиги таъкидланган. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш ва покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати зоналарини ташкил этишга тайёр.
Гўшт, картошка ва гуручни биргаликда етиштириш, шунингдек, уруғчилик ва селекция соҳасида Покистон Миллий геномика институти билан шериклик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.
Транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш савдо ҳажмини янада оширишнинг муҳим шартидир.
“Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўналиши бўйлаб юк ташиш, Лаҳор ва Исломобод шаҳарларига эса авиақатновлар йўлга қўйилган, Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳаси илгари сурилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан Карачига юк рейслари ва Лаҳорга тўғридан тўғри йўловчи рейслари йўлга қўйилади.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда биринчи Ҳудудлараро форумни ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланган.
Тадбир якунида Ўзбекистон етакчиси ва Покистон Бош вазири эришилган келишувлар тўғрисида алоҳида баённомани имзолаган. Унда амалга ошириш муддатлари ҳамда икки мамлакатнинг бунинг учун масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари белгилаб олинган.
.jpg)
Шунингдек, етакчилар ҳузурида қатор инвестициявий ва савдо-иқтисодий келишувларни алмашиш маросими бўлган.
Live
Барчаси