Ўзбекистон ва Покистон етакчилари ОАВ учун баёнот берди
Жамият
−
05 Февраль 2197 4 дақиқа
Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти сўзининг аввалида Покистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва ўтказилган самарали музокаралар учун ушбу мамлакат ҳукумати раҳбарига миннатдорлик билдирган.
Жадал ривожланаётган Покистон Ўзбекистоннинг ишончли стратегик шериги эканлиги алоҳида таъкидланган. Покистон Бош вазири раҳбарлигида халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва мамлакатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистонни хурсанд қилаётгани айтилган.
Шунингдек, ушбу ташриф Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганининг беш йиллигида ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Сўнгги беш йилда ўзаро савдо 2,5 бараварга, қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони эса қарийб 3 бараварга ошган. Яқин келажакда савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция битимларининг портфели шакллантирилган.
Музокаралар якунида Қўшма декларация ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича 30 га яқин муҳим ҳужжат имзоланган.

Эртага Покистоннинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтади.
Минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантириш орқали Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини биргаликда мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани билдирилган. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик қайд этилган.
Шавкат Мирзиёев Покистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. Покистоннинг 2025-2026 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида тинчлик ва халқаро барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилган.
Фармацевтика, тўқимачилик, электротехника, тоғ-кон ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилган. Транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида бу йил Ўзбекистонда биринчи Ҳудудлараро форумни ўтказишга қарор қилинган.
Бундан ташқари, биргаликда маданият ҳафталиклари ва кинофестивалларни ташкил этиш ҳамда буюк мутафаккирларнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш ва оммалаштириш режалаштирилмоқда.
Исломобод кўчаларидан бирига Тошкент номи берилгани учун яна бир бор миннатдорлик билдирилган.
Президент, ўз навбатида, Покистон пойтахтида буюк давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғни бунёд этиш тўғрисида қарор қабул қилинганини эълон қилган. Бу Покистон халқига мамлакат мустақиллиги байрами нишонланиши арафасида муносиб туҳфа бўлади.
Ўзбекистон етакчиси Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори илмий унвонлари берилгани учун Покистонга алоҳида миннатдорлик билдирган.
Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида барчани бўлажак Покистон куни байрами ва яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан табриклаган.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Шавкат Мирзиёев давлат ташриф билан Покистон бўлиб турибди. Ўзбекистон етакчиси ташриф доирасида “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказди ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дорни қабул қилди.
Шунингдек, Покистон Бош вазирининг қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ҳамда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказди ва Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боғга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросимида қатнашди. Шу билан бирга, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф Қўшма декларацияни имзолади. Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унволарини бериш маросими бўлиб ўтди.
Live
Барчаси