Ўзбекистон захиралари 75 млрд долларга, олтин улуши 85 фоизга етди
Жамият
−
19:55 712 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг халқаро захиралари жорий йил 1 январдаги 66,3 млрд доллардан 1 февраль ҳолатига қарийб 75 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк статистикасида келтирилган.
Марказий банк маълумотига кўра, захираларнинг қарийб 85 фоизи олтиндан иборат. Бу кўрсаткич мамлакатни олтин захиралари ҳажми бўйича дунёда 17-ўринга олиб чиққан. Ҳозирда расмий захираларда 380,4 тонна олтин мавжуд.
“World Gold Council” маълумотларига кўра, энг йирик олтин захираларига эга давлатлар қаторида АҚШ, Германия, Италия, Франция ва Россия бор. Ўзбекистон эса дунёдаги энг йирик ўнта олтин ишлаб чиқарувчи давлатлардан бири сифатида ҳам қайд этилган. Марказий банк вакиллари олтин сақлашда асосий мезон рейтинг эмас, балки хавфсизлик эканини таъкидлайди.
Захираларни бошқаришда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) тамойилларига таянилади. Унга кўра, уч асосий мезон бор: хавфсизлик (активлар йўқотилмаслиги), ликвидлик (зарур пайтда тезда пулга айлантириш имконияти) ва даромадлилик. Банкка кўра, биринчи икки тамойил устувор. Ўзбекистон бошқа кўплаб давлатлардан фарқли равишда олтин захираларини хорижда эмас, балки мамлакат ичида сақлайди.
Маҳаллий олтин харид қилинганда иқтисодиётга катта миқдорда сўм чиқарилади, бу эса инфляцион босим (нархлар ошиши хавфи)ни кучайтириши мумкин. Шу боис Марказий банк “стерилизация” усулини қўллайди, яъни ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб, ортиқча пул массасини муомаладан чиқаради. Бу чоралар валюта курсини белгилаш учун эмас, балки ортиқча ликвидликни (бозордаги ортиқча пул маблағи) камайтириш учун амалга оширилади.
Олтин улуши юқори бўлса-да, захираларни диверсификация қилиш, яъни турли активларга тақсимлаш ишлари бошланган. 2024 йилдан бошлаб Марказий банк АҚШ давлат облигацияларига сармоя киритди ва ҳозирда 1,5 млрд долларлик қисқа муддатли портфель шакллантирилган. Банк маълумотига кўра, захиралар 17 ойлик импортни қоплайди ҳамда қисқа муддатли ташқи қарздан 4,4 баравар юқори. Бу кўрсаткичлар мамлакатнинг ташқи иқтисодий хатарларга нисбатан етарли “молиявий ёстиқ”қа эга эканини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олтин нега яхши инвестиция экани ҳақида бир қанча омиллар орқали изоҳ берилганди, жумладан, у ҳеч бир мамлакатга қарам бўлмаган глобал актив, хавфсиз инвестиция, инфляциядан ҳимоя, саноатда муҳим металл, шунингдек, яна кўплаб хусусиятларга эга.
Live
Барчаси