Ўзбекистонда 10 кунда 144 киши қамоққа олинди
3-саҳифа
−
12 Март 17935 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йил 1 мартдан бошланган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари натижасида 907 та жиноят фош этилди ва 144 нафар шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирнинг дастлабки 10 кунида 8360 та тезкор қидирув тадбирлари амалга оширилиб, 907 та жиноят фош этилган. Жами 505 та жиноят иши қўзғатилиб, 144 нафар шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида жами 1194 та ҳолат аниқланиб, наркожиноятчилар ва уюшган жиноий гуруҳлардан 215 кг наркотик моддалар, 57 923 дона психотроп дори воситалари аниқланган.
Шунингдек, ноқонуний равишда етиштирилаётган 129 туб гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланиб, белгиланган тартибда йўқ қилинган. Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида олиб борилган тадбирлар давомида эса жами 1067 та жиноят аниқланган. Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 323 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. 171 нафар бедарак йўқолган фуқаролар топилиб, оиласи бағрига қайтарилган.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кучайтирилган хизмат йўлга қўйилиб, вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган шахсларнинг транспорт воситасини бошқарувга киришини олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари олиб борилган. Шу билан бирга йўл безорлигини интернет тармоқларида тарғиб қилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида махсус гуруҳлар тузилиб, ижтимоий тармоқларда мониторинг ўтказилган.
Айни вақтга қадар 391 та йўл безорилиги акс этган видеолавҳалар аниқланиб, 388 нафар ҳайдовчига баённома тузилган ҳамда 296 та автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
Умумий тадбирлар доирасида йўл патруль хизмати инспекторлари томонидан 254 362 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Шундан 72 978 таси қўпол қоидабузарликларни ташкил этган ва 23 714 та транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь-февраль ойларида наркотикларни ўтказиш ва тарқатиш билан шуғулланувчи 22 та уюшган наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси