Ўзбекистонда 2025 йилда қанча оила ажрашгани айтилди
Бу қизиқ
−
28 Январь 6324 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 37 544 та никоҳ бекор қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10,8 трлн сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар)ни ундириш ҳақида 1 млн 519 минг 814 та суд буйруғи чиқарилган.
Шунингдек, 649 минг 652 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 506 минг 135 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 76 минг 138 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 60 минг 373 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 7 006 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.
Энг кўп фуқаролик низолари Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилган.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 206 минг 399 таси битимлар (олди-сотди, кредит, қарз ва бошқалар), 70 минг 535 таси никоҳдан ажратиш, 26 минг 960 таси уй-жой муносабатлари, 19 минг 914 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 12 минг 982 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.
Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 37 минг 544 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 24 минг 244 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 6 239 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 508 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.
3 119 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 356 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 229 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 473 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 61 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.
6 452 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 минг 956 та иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 2 312 та қарор бекор қилиниб, 757 та суд қарори ўзгартирилган. Кассация тартибида 8 457 та иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 668 та қарор бекор қилиниб, 708 та суд қарори ўзгартирилган. Тафтиш тартибида 5 670 та иш кўриб чиқилган. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 482 та қарор бекор қилиниб, 161 та суд қарори ўзгартирилган.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 363 та иш кўриб чиқилган. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 171 та қарор бекор қилиниб, 53 та суд қарори ўзгартирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 32 217 та никоҳ бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.