Ўзбекистонда Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилади
Жамият
−
08 Сентябрь 2849 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Бу ҳақда бугун, 8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади.
Шунингдек, табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади. Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади.
Тошкент шаҳрида Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ToshTech” техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.
Яна бир янгилик ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшларни рағбатлантиришга қаратилган. Ҳозирги кунгача бу соҳада алоҳида давлат стипендияси йўқ эди. Шу боис, жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади, ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундайди.
Билдирилишича, йиғилишда фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тақдимот қилинган. Олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий даражали кадрларни тайёрлаш тартиблари такомиллаштирилади. Жумладан, докторантурага ажратилаётган квоталар мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланади.
Фанлар академиясининг республикада истиқболли илмий йўналишларни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, илмий ишланма натижаларини амалиётга татбиқ этишдаги ўрни кучайтирилади.
Давлат раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолаган. Улардаги вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси таъсис этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси