Ўзбекистонда аёллар ва ёшлар орасида наркожиноятлар кўпайди
3-саҳифа
−
10 Октябрь 3027 2 дақиқа
2020 йилдан 2024 йилгача наркожиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилган шахслар сони икки баробардан кўпроқ ошди. Статистикада аёллар ва ёшлар тобора кўпроқ учрамоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Сарвар Ўрмонов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Маълум қилинишича, беш йил аввал аёллар кўрсаткичи атиги бир неча фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони уч баробарга кўпайган. Ёшлар орасидаги вазият эса янада жиддийроқ бўлиб, ҳар учинчи наркожиноятчи 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланади.
Сарвар Ўрмоновнинг сўзларига кўра, бундай кескин вазиятни наркотик моддаларнинг ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарқатилиши билан боғласа бўлади. Чунки жиноий гуруҳлар ёшларни жадал равишда ўзига жалб қилмоқда – осон пул топишни ваъда қилади, аммо уларни хавф ва ҳалокатга тортади.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари наркотик моддаларнинг катта партияларини мусодара қилиш ва чегаралардаги назоратни кучайтириш бўйича ютуқларга эришмоқда, бироқ, жиноий схемаларнинг ўзи тобора мураккаблашиб бормоқда. Наркотрафик ҳақиқий дунёдан рақамли дунёга ўтди. Шунинг учун унга қарши кураш янги ёндашувларни талаб қилмоқда – киберназорат ва таҳлилни ривожлантиришдан тортиб мактаблар ва олий ўқув юртларида профилактика ишларигача”, дейди мутахассис.
Қайд этилишича, давлат назоратни кучайтиргани, халқаро ҳамкорликни ривожлантиргани ва профилактика чораларини кўпайтирганига қарамай, динамика шуни кўрсатмоқдаки, наркотик моддалар бозори янги шароитларга тезда мослашмоқда.
“Вазиятни назорат остида сақлаб қолиш учун интернетда, мактабларда, оилаларда олдиндан ҳаракат қилиш зарур. Бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш фақатгина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг вазифаси эмас, балки, ҳар биримизнинг зиммамиздаги масъулиятдир”, дейди Ўрмонов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Тошкент туманида интернет тармоғи орқали синтетик наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси – Тошкент шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасининг 3-курс талабаси қўлга олинганди. Ўзбекистонда 2025 йилнинг 6 ойи ичида олий ўқув юртларининг 46 нафар талабаси наркожиноятлар билан шуғулланган.
Live
Барчаси