Ўзбекистонда қайси соҳаларда иш ҳақи ошгани айтилди
Жамият
−
27 Октябрь 11232 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўртача иш ҳақи 6 млн 166,9 минг сўмни ташкил этди, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ўсган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси берган маълумотда келтирилган.

Ҳудудлар кесимида ўртача иш ҳақлари Тошкент шаҳрида 10 млн 379,6 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,7 фоизга ўсгани кузатилди. Шунингдек, бу кўрсаткич Самарқандда 4 млн 853,3 минг сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 124,8 фоиз), Наманганда 4 млн 543,8 минг сўмни (120,9 фоиз), Сирдарёда 4 млн 930,8 минг сўмни (120,7 фоиз), Фарғонада 4 млн 574,5 минг сўмни (119,8 фоиз) ва Жиззахда 4 млн 589 минг сўмни (119,2 фоиз) ташкил этган.

Ўз ўрнида, ўртача иш ҳақи Андижонда 4 млн 996,5 минг сўмни (112 фоиз), Навоийда 7 млн 612,3 минг сўмни (115,1 фоиз), Қашқадарёда 4 млн 270,8 минг сўмни (117,2 фоиз), Тошкент вилоятида 5 млн 803,6 минг сўмни (117,3 фоиз), Хоразмда 4 млн 833,7 минг сўмни (117,6 фоиз), Қорақалпоғистонда 4 млн 902,3 минг сўмни (117,6 фоиз), Бухорода 4 млн 953,1 минг сўмни (118,2 фоиз) ҳамда Сурхондарёда 4 млн 347,2 минг сўмни (118,4 фоиз) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ экани кузатилган.
Ўртача иш ҳақи иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори ўсиш суръатлари санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида қайд этилди. Хусусан, мазкур соҳада 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 122,8 фоизни ташкил етиб, иш ҳақи миқдори 5 млн 114,7 минг сўмга етган.

Шунингдек, таълим йўналишида ҳам сезиларли ўсиш қайд етилиб, иш ҳақи миқдори 4 млн 188,5 минг сўмни ташкил этди (ўсиш – 19,8 фоиз). Ташиш ва сақлаш соҳасида ўртача иш ҳақи 9 млн 382,1 минг сўмни ташкил этиб, 16,7 фоизга, ахборот ва алоқа соҳасида эса 14 млн 985,8 минг сўмга етган (16,6 фоиз ўсиш). Саноат соҳаларида ўртача иш ҳақи 7 млн 301,0 минг сўмни ташкил этиб, 16,3 фоизга ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга, қурилиш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 342,6 минг сўм бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,2 фоизга ошди. Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида бу кўрсаткич 5 млн 122,8 минг сўмни ташкил этиб, 10,1 фоизга, савдо соҳасида 6 млн 875,6 минг сўмни ташкил этиб, 12,1 фоизга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар йўналишида 3 млн 765,4 минг сўмни ташкил этиб, 14,6 фоизга ошди. Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи 16 млн 828,9 минг сўмни ташкил қилиб, 15,6 фоизга ўсди.