Ўзбекистонда назорат-касса тизимига янги ўзгартишлар киритилмоқда
Жамият
−
28 Май 5367 2 дақиқа
Ўзбекистонда электрон чеклар, рецептли дори воситалари савдоси ва рақамли маркировка бўйича қатор ўзгартишлар киритилмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 май куни “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, рецепт билан бериладиган дори воситалари реализация қилинганда электрон рецептнинг рақамини касса чекида мажбурий тартибда акс эттирилишини белгилаш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларга қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартибини фақатгина Президент қарори билан тасдиқланган рўйхатда белгиланган йирик солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қалбаки рақамли маркировкаланган ва контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда реализация қилувчи субъектларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш қоидаларини белгилашни назарда тутувчи нормани бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур чоралар иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда замонавий ахборот ечимларини жорий этиш ҳамда назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини янада такомиллаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 6 июнига қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сув ва газли ичимликларга қўйилган янги маркировка тизими (яъни, маҳсулотни кузатиб бориш тизими) ҳозирча мажбуран жорий қилинмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси