Ўзбекистондаги айрим сув ҳавзаларининг номи ўзбекчалаштирилди
Жамият
−
18 Ноябрь 16515 2 дақиқа
Ўзбекистондаги айрим дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сувомборлари ва сел сувомборларининг давлат тилига мувофиқ рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг жорий йилнинг 10 ноябрь куни қабул қилинган “Сув хўжалиги соҳасидаги айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
Мазкур рўйхатдаги 130 та сув объектларининг номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилган. Масалан, Акшакул – Оқчакўл, Сарикамиш – Сариқамиш, Ковуккул – Ғовуккўл бўлиб ўзгарган. Шунингдек, айрим сув ҳавзаларининг номи янгиланган. Хусусан, эндиликда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Сассиқсой номли сел сувомбори Шўрсув, Янгиқўрғондаги Гаистон сел сувомбори Янгиқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Жиннидарё номли дарё Зўғатасой деб номланади.
Сув хўжалиги вазирлиги 2 ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сувомборлари ва сел сувомборлари номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.
Шу билан бирга, дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сувомборлари ва сел сувомборларида ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукуматнинг 17 октябрдаги “Ўзбекистон темирйўллари” АЖга қарашли темирйўл вокзали, темирйўл станцияси ва темирйўл разезди номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан “Ўзбекистон темирйўллари”га қарашли вокзаллар, станциялар, разъездлар номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси