“Ўзбекнефтгаз” Трампга яқин экани айтиладиган лобби компания билан йирик шартнома имзолади
Жамият
−
00:02 5023 2 дақиқа
“Ўзбекнефтгаз” АЖ АҚШ Президенти Дональд Трампга яқин экани айтиладиган Ballard Partners компанияси билан умумий қиймати 5 млн АҚШ доллари бўлган шартнома тузди. Ижтимоий тармоқларда шартнома тузилганини тасдиқловчи ҳужжат тарқалди.
АҚШда 1998 йилда рўйхатдан ўтган Ballard Partners компанияси АҚШ ҳукумати олдида стратегик консалтинг ва манфаатларни ҳимоя қилиш хизматларини амалга ошириш билан шуғулланади. Жорий йилнинг 12 декабрь куни имзоланган “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан келишув ҳақидаги ҳужжатда келтирилган шартнома шартларида хизмат ҳақи ойига 83 334 АҚШ доллари этиб белгиланган. Ушбу маблағлар – 250 минг доллар ҳар чорак якунида амалга оширилади.

“Politico” нашрининг ёзишича, Ballard Partners Трамп қайта Президент этиб сайлангандан кейин – жорий йилнинг дастлабки уч ойида лоббичиликдан 14 миллион доллар даромад олган. Бу ўтган чоракдаги 6,2 миллион доллардан анча кўп. Ballard 2024 йилнинг биринчи чорагида эса 4,2 миллион доллар лоббичилик даромадини қайд этган.
Ballard’даги собиқ лоббистларнинг бир нечтаси ҳозир Трампнинг иккинчи маъмуриятида юқори лавозимларда ишламоқда. Улар орасида АҚШ Бош прокурори Пэм Бонди ва Оқ уй аппарати раҳбари Сьюзи Уайлс бор. Ballard’нинг яна бир собиқ ходими Трент Морс Трампнинг кадрлар бўйича директори ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Фирманинг Флоридадаги илдизлари Ballard’га Трамп Вашингтонидаги таъсирли лавозимларда ишлаётган флоридаликлар, жумладан, Давлат котиби Марко Рубио билан ҳам яқин алоқаларни таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4-6 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташриф буюрган эди. Ушбу ташрифдан сўнг Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилди.
Live
Барчаси