Йўқотилган имконият ва бошланган жаҳон уруши: тарихдаги жуда қимматга тушган хатолар
Бу қизиқ
−
22 Апрель 2025 11595 10 дақиқа
Хато қилиш – инсоний хусусият ва унга йўл қўйиш табиий ҳол. Тарихда катта-кичик кўплаб хатоликлар бўлган. Баъзи хатолар зарарсиз бўлса-да, бошқалари бутун бойликни йўқотишга олиб келиши ёки ҳатто сиёсат тизгинини ўзгартириб юбориши мумкин. Тарих қимматга тушган хатоликлар билан тўла ва бугун биз айнан шу ҳақда сўз юритамиз.
Австрия армиясининг ўзига ҳужум қилгани
1788 йилда Австрия армияси уруш даврида ўзаро жанг қилиб, 10 мингта аскарини йўқотди! Бу қандай бўлганини тушунтириб берамиз. Сентябрь ойининг тинч оқшомларидан бирида Австрия армияси Австра-Турк уруши пайтида ўз ҳудудларини қўриқлаётган эди. Разведкачилар Циган савдогарларига дуч келиб, улардан спиртли ичимликлар сотиб олади.

Ичкиликдан маст бўлган аскарлар бу ичимликни бошқа гуруҳ билан бўлишишни рад этгани оқибатида муштлашув юз беради. Баъзи ҳарбийлар бу шовқинни турклар ҳужуми деб ўйлаб, ўз сафдошларини Усмонли аскарлари билан адаштириб юборади. Оқибатда, қоронғи туннинг ўзида қирғин бошланиб, тахминан 10 минг аскар ҳалок бўлади. Шундан сўнг, чарчаган ва руҳий тушкунликдаги Австрия армияси ҳақиқий туркларга қарши жангда ҳам ютқазади. Бу воқеа тарихдаги энг катта ҳарбий хатолардан бири сифатида тилга олинади.
Франц Фердинанднинг ўлдирилгани
Австрия-Венгрия империяси вориси Фердинантнинг ўлдирилиши Биринчи жаҳон урушига сабаб бўлган муҳим воқеа сифатида қаралади.
1914 йилда у Босния пойтахти Сараевога ташриф буюради, бироқ тил билмаслик туфайли ҳайдовчиси нотўғри йўлдан юриб, мамлакатда империя ҳукмронлигини тугатмоқчи бўлиб юрган Гаврило Принцип қаршисига олиб чиқади.

Гаврило Фердинант ва унинг рафиқасини отиб ўлдиради ва бу воқеа Биринчи жаҳон урушига олиб келган занжирли реакцияларни бошлаб юборади. Бу нафақат июль инқирозини юзага келтиради, балки Австрия-Венгриянинг Сербияга уруш эълон қилиши билан бутун дунёни қамраб олган жанг бошланиб, 17 миллиондан ортиқ аскар ва тинч аҳоли ҳалок бўлишига олиб келади.
181 миллион долларлик лотерея чиптасининг йўқотилгани
Баъзи хатолар дунё тақдирини ўзгартирса, бошқалари киши омадига рахна солиши мумкин. Инсоният тарихидаги энг “ачинарли” хатолардан бири – британиялик аёлнинг 181 миллион долларлик лотерея чиптасини йўқотиб қўйганидир.

У эҳтиёткорлик учун лотерея рақамларини ёзиб қўйган, аммо эри чиптани атайин бўлмаган ҳолатда чиқиндига ташлаб юборган. Тасодифни қарангки, унинг рақамлари ғолиб деб топилган. Лекин энди аёл Европа тарихидаги энг катта ютуқдан мосуво бўлганди.
Пиза минорасининг эгилиши
Кўпчиликка номаълум нарса шуки, Пиза минораси аслида эгри бўлишга мўлжалланмаган! Ушбу машҳур бинонинг эгилиши – инсон хатосининг оқибати. Гап шундаки, бино қурилган ер катта иншоот оғирлигини кўтара олмас даражада юмшоқ ва беқарор бўлган. Вақт ўтиши билан бино пойдевори чўкиб борди ва оқибатда минора эгилган ҳолатга келиб қолди.

Қурилишдан анча вақт ўтгач, 1990 йилларда муҳандислар бинони тиклаб, эгилишини 1,5 даражага камайтиришга муваффақ бўлади. Ҳозирда бино барқарор ҳолатда, лекин у ҳанузгача Пиза шаҳрида эгилган ҳолда турибди. Оддий бир меъморий хато тарихдаги энг таниқли ёдгорликлардан бирига айланишини ким ўйлабди дейсиз?
NASA коинот кемасини йўқотгани
1999 йилда NASA Марс иқлимини ўрганиш мақсадида Mars Climate Orbiter (МCО) номли коинот кемасини учирди. Бу миссия тарихий бурилиш ясаши керак эди, аммо содир бўлган воқеа NASA учун кутилмаган энг қиммат хатолардан бирига айланди.

NASA 125 миллион долларлик орбитерни бутунлай йўқотди! 10 ой давомида Марс орбитасини ўрганган MCO тасодифан сайёра атмосферасига кириб кетди. Сабаби жуда оддий: муҳандислар ўлчов бирликларини империалдан метрик тизимга конвертация қилишни унутган! Бу ҳисоб-китобдаги хатолик коинот кемасининг Марс юзасига ҳаддан ташқари яқин учишига олиб келган.
Бу нафақат NASA учун жуда қиммат хатога айланди, балки илмий тадқиқотларда ҳам ортга қайтишга сабаб бўлди. Аммо NASA бу воқеани сабоқ сифатида қабул қилди ва кейинги миссиялар учун хавфсизлик протоколларини яхшилади. Дунёни ўзгартирган одамлар қаторига кирувчи машҳур америкалик ихтирочи ва саноатчи Генри Форд айтганидек,
“Муваффақиятсизлик – бу қайтадан, лекин ақллироқ бошлаш учун имконият”.
Россиянинг Аляскани сотгани
Алясканинг АҚШга сотилиши нотўғри қарор оқибатида юз берган ва катта хатога айланган воқеа сифатида кўрилади. 1867 йилда Россия императори Александр II Аляскани АҚШга атиги 7,2 миллион долларга сотади. Ўша вақтда бу қарор мантиқли туюлган, чунки Россия Қрим урушидаги мағлубияти (1856 йил)дан сўнг иқтисодий инқирозга дуч келган эди.

Бироқ кўп ўтмай, Россия бу қарордан афсусланади, чунки Аляскадаги музликлар остидан олтин конлари ва нефть захиралари топилади. Бу эса АҚШ учун ниҳоятда фойдали бўлиб чиқди. Баъзи манбаларга кўра, АҚШ ушбу ресурслар ҳисобига 50 йил ичида бу сармояни бир неча баробар кўпайтиришга муваффақ бўлган.
Агар Александр II бу “бекор ётган ер”ни сотмаганида нима бўларди? Буни билиш имконсиз, билганимиз шуки, Аляска битими XIX асрнинг энг катта молиявий хатоларидан бири бўлиб қолди.
“S” ҳарфи туфайли ҳукуматнинг катта товон тўлагани
Британия ҳукумати ёзувдаги оддий хатолик туфайли 9 миллион фунт стерлинг тўлашига тўғри келди. Ҳужжатда ортиқча бир дона “S” ҳарфи қўшилиши шартнома мазмунини нотўғри тушунилишига олиб келади. Оқибатда, бошқа компания ликвидация (расмий равишда фаолиятини тугатиш) қилиниши ҳақида ҳукумат қарори эълон қилинади.

Бу кичик хато 250 кишининг ишсиз қолишига сабаб бўлади. 124 йиллик тарихга эга бўлган Уэльсдаги “Taylor and Sons” оилавий компанияси 2009 йилда банкрот бўлган “Taylor and Son” компанияси билан адаштириб юборилган эди. Оқибатда ҳукумат катта миқдорда товон пули тўлашга мажбур бўлади.
Шундай қилиб, кичик бир имловий хато Британия ҳукуматига катта зарар келтиради.
“Гарри Поттер”нинг рад этилгани
Ёзувчи Жоан Роулингнинг “Гарри Поттер ва фалсафий тош” асари дастлаб 12 та нашриёт уйи томонидан рад этилган. Кўпчилик ноширлар бу китобни “болалар учун жуда узун” ёки “жуда мураккаб” деб ҳисоблаган. Аммо “Bloomsbury” нашриёти раисининг саккиз ёшли қизи Элис вазиятни ўзгартириб юборади. У китобнинг биринчи бобини ўқигач, унга мафтун бўлади. Бугунги кунда “Гарри Поттер” тарихдаги энг муваффақиятли адабий лойиҳалардан биридир. Ушбу асар 60 дан ортиқ тилларга таржима қилиниб, ярим миллиарддан ортиқ нусхада сотилган ва Роулингни миллиардерга айлантирган.

Дунё бестселлеридан воз кечган ноширлар ўзларини қандай “кечирди” экан? Уларнинг қарори ноширлик тарихидаги энг катта афсуслардан бири бўлиб қолгани аниқ.
"Титаник"нинг чўккани
“Титаник” кемасининг чўкиши бошқарувдаги хатолар туфайли юзага келган фожиавий ҳодиса сифатида тарихга кирган. “Чўкмас” деб реклама қилинган бу улкан кема 1912 йилнинг апрелида Саутгемптондан Нью-Йоркка қилаётган илк сафари чоғидаёқ Атлантика океанида чўкиб кетди ва 1,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Айтилишича, кемадаги навбатчи офицерлар музли тоғларни кўриш учун зарур бўлган дурбинлар сақланадиган хона калитига эга бўлмаган. Агар уларда дурбин бўлганида, музликларни олдиндан кўриши ва бу фожиа олдини олиши мумкин эди.
Ҳаттоки, кема музликлар борлиги ҳақида радиотўлқин орқали огоҳлантирилган ҳам, лекин бошқарув жамоаси тезликни камайтирмай, йўналишни ўзгартирмасдан ҳаракатда давом этган.
“The Blockbuster”нинг “Netflix”ни сотиб олмагани
2000 йилда “The Blockbuster” (фильм, сериал ва ўйин дискларини ижарага бериш билан шуғулланган компания) тарихдаги энг катта бизнес хатолардан бирини қилди – улар “Netflix” (дунёдаги энг машҳур онлайн кино ва сериал томоша қилиш платформаси)ни атиги 50 миллион доллар эвазига сотиб олиш имкониятидан воз кечган!

Ўша пайтда “The Blockbuster” видео ижараси саноатининг етакчиси эди ва дастлаб ўз фаолиятини DVD ижараси билан бошлаган “Netflix”нинг почта орқали DVD юбориш хизматини тор доирадаги аҳамиятсиз хизмат деб ҳисоблаган. Ҳатто айрим маълумотларга кўра, “The Blockbuster” раҳбарлари бу таклифни эшитиб кулиб юборган.
Бироқ фойдаланувчиларнинг истаклари рақамли хизматларга ўзгариб боргани сари “Netflix” бунга мослашди. “The Blockbuster” эса эски моделга ёпишиб олди. У рақамли оқимнинг кучини англаб етган вақтда эса кеч бўлганди. “Netflix” аллақачон инновацион етакчига айланган, “The Blockbuster” эса рақобатлаша олмасдан орқада қолганди. Охир-оқибат, “The Blockbuster” 2010 йилда банкрот бўлди.
Бугунги кунда “Netflix”ни рад этиш, бизнес тарихидаги энг ачинарли қарорлар қаторига киради. Чунки бугун “Netflix” глобал кўламдаги медиа империяга айланди.
Yahoo’нинг Google’ни сотиб олмагани
Бугунги кунда Google интернетда қидирув билан синонимга айланган. Yahoo (қидирув тизими) эса тарихда бир неча бор Google’ни сотиб олиш имкониятини қўлдан бой берган. 1999 йилда Google асосчилари аввал Excite (қидирув тизими) раҳбари Жорж Беллга мурожаат қилиб, ўзларининг қидирув тизимини 1 миллион доллар эвазига сотишни таклиф қилади. Ҳатто улар нархни 750 минг долларгача туширса-да, барибир рад жавобини олади. Бу пайтда Yahoo имконияти мавжуд бўлса ҳам, “отни қамчиламайди”.

Yahoo бу хатони тушунганида, Google аллақачон технология гигантига айланган эди. У эса аста-секин унутила бошлади. Бугунги кунда Google’нинг бош компанияси “Alphabet”нинг қиймати 863 миллиард доллардан ошади! Google ҳақида бундай фактни билмаган бўлсангиз керак.
Дарвозани ёпишнинг унутилгани
1453 йилда Константинополнинг қулашида тарихдаги энг катта хатолардан бири содир бўлди. Бу шаҳар асрлар давомида мустаҳкам деворлари билан машҳур бўлиб, кўплаб ҳужумлардан омон қолган. Айнан шу деворлар Византия аҳолисига ишонч бағишлар, уларни Усмонлилар қамалига қарши ҳимоялар эди. Аммо кичик бир хато ҳаммасини ўзгартириб юборди.

Ўша йилнинг 29 майида шиддатли жанглар кетаётган бир пайтда асосий византиялик генераллардан бири яраланиб, шаҳар ичкарисига олиб кирилади. Воқеалардаги чалкашлик ва шошилинчда, “Керкопорта” деб номланган кичик ён дарвоза ёпилмасдан қолиб кетади. Бундан фойдаланган 50 нафар усмонли аскарлари дарҳол шаҳар ичкарисига кириб, деворлар ичида ўз байроғини кўтаради. Бу ҳолат шаҳарда ваҳима ва тартибсизликка сабаб бўлади, чунки ҳимоячилар “ютқазиб бўлибмиз” деган руҳий саросима оқибатида чекина бошлайди ва шаҳар тезда усмонлилар томонидан эгалланади.
Хуллас, “эшикни ёпмаслик” хатоси бутун империя қулашига олиб келади. Ҳазил қилиб айтганда, шунинг учун ҳеч қачон эшикни ёпиб юришни унутманг!
Гитлернинг отилмагани
1914 йилда Британия аскари Ҳенри Тэнди хандақларнинг бирида яраланган немис аскарига дуч келади. Бу қуролсиз киши – ланс корпорал (қуролли кучлардаги паст лавозимли зобит) Адольф Гитлер эди! Биринчи жаҳон урушидаги энг жасур ва мукофотланган оддий аскарлардан бири Тэнди уни отмайди.

У Гитлерни тирик қолдиради, чунки қуролсиз одамни отишни шарафли эмас деб ҳисоблайди. Баъзиларга кўра, Гитлернинг ўзи бу ҳақда кейинчалик
“Бу одам мени отишга шу қадар яқин келдики, Германияни бошқа ҳеч қачон кўрмаслигимга ишонгандим”, деган экан.
Мазкур воқеа тарихий жиҳатдан тўлиқ тасдиқланмаган. Тэнди ўз хотираларида кўплаб аскарларнинг жонини асраганини айтади, уларнинг бири эҳтимол Гитлер бўлиши мумкин. Аммо у айнан Гитлер бўлганлигини тасдиқламаган. Агар бу воқеа рост бўлса, у ҳолда бу инсоният тарихидаги энг ёмон қарорлардан бири сифатида эсда қолади.
“Чернобиль фожиаси”
“Чернобиль фожиаси” инсоният тарихидаги энг даҳшатли технологик хатолардан биридир. 1986 йил апрель ойида Украина ҳудудида жойлашган Чернобиль атом электр станциясида нотўғри ўтказилган хавфсизлик синови даҳшатли портлашга сабаб бўлди. Портлаш оқибатида катта миқдордаги радиоактив моддалар бутун Европага тарқалган.

Синов нотўғри режалаштирилган, хавфсизлик чоралари кўрилмаган ва алоқадаги хатоликлар вазиятни янада оғирлаштирган. Оқибатда 200 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган, минглаб одамлар эса радиацияга боғлиқ касалликларга чалинган.

Тозалаш ишлари ўн йиллаб давом этади ва баъзи манбаларга кўра, 125 мингдан ортиқ тозаловчи мутахассислар ҳаётдан кўз юмган. Бугунги кунда ҳам Чернобиль яшаш учун хавфли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Шаҳар бутунлай ташландиққа айланган.
Хатоларнинг сабоқ бериши ҳақида кўп гапирилади, аммо баъзи хатоликлар инсоният ва дунё учун жуда қимматга тушган. Қандай бўлмасин, улардан сабоқ чиқариб, келажакда такрорланишининг олдини олиш жуда муҳимдир.