Россияда Google хизматлари блокланиши мумкин
Олам
−
11 Декабрь 1280 2 дақиқа
Россияда Google’нинг барча хизматлари чеклов остига тушиши мумкин. Бу ҳақда Россия Давлат думасининг Ахборот сиёсати қўмитаси аъзоси Андрей Свинцов маълум қилди.
Свинцовнинг айтишича, бунга шахсий маълумотларни сақлаш ҳақидаги қонун сабаб бўлиши мумкин.
“Менимча, Google’нинг кўплаб сервислари, эҳтимол ҳатто барчаси чекловларга дуч келиши мумкин. Сабаби – Google ҳанузгача барча шахсий маълумотларни Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида, Европа ёки эҳтимол АҚШда сақлайди. Бу бизнинг мамлакатимиз учун жиддий хавф, чунки Россияда жуда кўп бизнес Google сервисларидан фойдаланади, бизнес эса ўз молиявий ҳолати, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, технологиялари, ускуналари, сервис компаниялари ва молиявий операциялари ҳақида деярли барча маълумотларни ушбу булутли тизимларда сақлайди. Google сервисларининг ўзи эса Россия Федерациясининг иқтисодий ҳолатини мониторинг қилиш учун ажойиб восита. Шу орқали мунтазам равишда жорий қилинаётган санктсиялар пакетларини янада аниқроқ ишлаб чиқиш имконияти ҳам пайдо бўлади”, дейди у.
Свинцовнинг фикрича, Россияда “Американинг ҳамма нарсасини аста-секин сиқиб чиқариш” тенденцияси шаклланган.
“Агар биз иқтисодиётимизни, давлатчилигимизни сақлаб қолишни истасак, бугунги ҳаётимизнинг барча жиҳатларини ўйлашимиз керак. Биз бизнеснинг бу сервислар асосида 10 йиллар давомида бутун бошқарув тизимини шакллантирганини тушунамиз, аммо сизга 100 фоиз ишонч билан айта оламанки, кўплаб рус IT-ечимлари ғарбникидан қолишмайди, ҳаттоки уларнинг кўпчилиги янгилиги боис сифат жиҳатидан ҳам устун. Баъзиларини такомиллаштириш керак, лекин бу йилларда эмас — ярим йилда бўлиши мумкин. Бозорда мавжуд ечимлар янгиланади. Шунинг учун мен Америка сервисларини Россия ҳудудидан юмшоқ тарзда сиқиб чиқариш тўғри йўналиш, деб ҳисоблайман. Бу сервислар ва бошқа бир қаторлари ҳам аста-секин секинлашиши, ишлаши қийинлашиши мумкин, бу эса фуқароларимиз ва бизнесимизга маҳаллий аналогларга ўтиш учун маълум бир вақт беради”, дейди депутат.
Бунгача Россия Давлат думаси “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги лойиҳани биринчи ўқишда қабул қилган. Муаллифлардан бири Антон Немкиннинг айтишича, ўзгартиришлар шахсий маълумотларни чет элга узатиш жараёнида россияликларнинг ҳимоясини кучайтириши мумкин. Ҳукумат мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати нодўстона давлатлардан келаётган қўнғироқларни блоклашни жорий этаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси