Узоқ Шарқдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
19 Сентябрь 15577 1 дақиқа
Аввалроқ, Россия Федерациясининг Камчатка ўлкасида зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳодиса ортидан Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консули Юсуф Қобилжонов Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини огоҳликка чақирди.
Қайд этилишича, бугун, 19 сентябрь куни Камчатка ўлкаси қирғоқларига яқин жойда жойлашган Тинч океанида 7,2 магнитудали кучли зилзила қайд этилган. Петропавловск-Камчатский ва Вилючинскда 7 баллгача зилзила сезилган. Цунами ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, қурбонлар ва вайроналар ҳақида маълумот йўқ. Фавқулодда хизматлар юқори шай ҳолатга келтирилган.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг Владивостокдаги Бош консулхонаси мамлакатнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳудуд ҳукумати ва бошқа тегишли идоралар билан доимий алоқада. Фуқаролар фавқулодда вазиятлар хизмати кўрсатмаларига қатъий риоя қилишга ва хотиржамликни сақлашга чақирилади.
Зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлар орқали мурожаат этиш мумкин:
- +7(423) 260-48-00;
- +7(902) 078-70-07.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Камчаткада 1952 йилдан буён кузатилган энг кучли зилзила содир бўлганди. Геофизикларнинг баҳолашича, бу зилзила анъанавий субдукцион турига киради. Олимлар унинг магнитудасини 8,7 деб баҳолаган.
Live
Барчаси