Вояга етмаганларга уятсиз ҳаракатлар қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан телекоммуникация тармоқларидан ёки интернетдан фойдаланиб, уятсиз ҳаракатлар қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Шунингдек, болаларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган ишлар амалга оширилишига қарамай, бу борадаги номақбул ҳаракатлар камаймаётгани айтилди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 8 ойида вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти 36 фоизга ортган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга вояга етмаганлар ҳимояси юзасидан қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари, вояга етмаганларни жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида сўроқ қилиш муддатлари ҳам аниқ белгиланмоқда. Яъни, давомийлиги 1 кун этиб белгиланяпти. Шу билан бирга, бу жараёнларда уларга жавобгар шахслар ҳам биргаликда иштирок этиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

“Қонун лойиҳаси вояга етмаган фарзандларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади”, деган фракция аъзоси Сайёра Имомова.

Фракция муҳокамаларида билдирилган таклифлардан сўнг тегишли қарорлар қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Касби туманида 2002 йилда туғилган йигит вояга етмаган қизга шаҳвоний ҳаракатларни содир қилгани учун 4 суткага қамалганди. Тошкент шаҳрида 10 ёшли ўқувчи қизга шаҳвоний шилқимлик қилган ўқитувчига ҳам маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

жавобгарлик қонун лойиҳаси вояга етмаганлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг